Линклар

Қозоғистонлик ўзбек қизлари эрта турмушга чиқяпти


Жанубий Қозоғистонда яшовчи ўзбек оилалари қизларни эрта турмушга беришни урф қилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек қизлари орасида ўқимишлилари йилдан-йилга камайиб боряпти.

Қорабулоқлик 22 ёшли Дилсўз Режаметова Жанубий Қозоғистон университетининг филология факультетини тугатиб, ҳозир мактабда ўқитувчилик қиляпти. Унинг айтишича, эрта турмушга бериш авж олиб бораётгани сабабли ўзбек қизлари орасида олий маълумотлилар камайиб боряпти.

Туркистонлик Шарофат опа эса қизларни эрта турмушга бермаслик тўғрисидаги иддаоларга қўшилмайди. Унинг фикрича, қизларнинг мактабда олган билими етарли. Уларнинг олий маълумотли бўлиши шарт эмас.

Қизиғи шундаки, қизларни эрта турмушга бериш, асосан, ўзбек оилаларида кузатиляпти. Бунга кўпроқ ота-оналар сабаб бўлаётгани айтилади.

Олий маълумот олган қизларни турмушга чиққач, ишлатмаслик ҳолатлари ҳам кўплаб учрайди. Оилали бўлгач ишлаётган ўзбек аёллари ҳам, асосан, ўқитувчилардир. Чунки бу касб Жанубий Қозоғистонда ҳам аёллар касбига айланиб улгурган. Шунинг учун олий маълумот олишни хоҳлайдиган ўзбек қизлари кўп ҳолларда ўқитувчилик касбини танлаётир.
XS
SM
MD
LG