Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:03

Хавфсизлик кенгаши Эрондан уранни бойитишни тўхтатишни сўраяпти


Чоршанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси Эрондан уранни бойитиш ишларини 30 кун ичида тўхтатиш талаби билдирилган баёнотни бир овоздан қабул қилди.

Баёнотда Эронга қарши санкциялар жорий этиш ҳақида АҚШ томонидан киритилган таклиф ўрин олгани йўқ. Зеро, Россия ва Хитой вакиллари Эроннинг ядровий дастури хусусида юзага келган бўҳронни фақат дипломатик йўл орқали ҳал этиш керак, деган фикрда қолди.

Хавфсизлик кенгаши баёнотидан сўнг Эроннинг БМТдаги вакили Жавад Зариф Теҳрон расмийлари эътирозини яна бир карра билдириш учун матбуот анжумани ўтказди.

Ж.Зариф ўз мамлакати ядровий қурол яратишга уринмаётганини таъкидлаб: “Эрон халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишни хоҳлайди, аммо босим ва таҳдидни қабул қилмайди”, - деди

Хавфсизлик кенгаши баёнотида агар Эрон уранни бойитиш фаолиятини тўхтатмаса, қандай чоралар кўрилиши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Буюк Британиянинг БМТдаги вакили Эмир Жоунес Перри Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслиги хусусида бир хил фикрда эканини билдирди.

“Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари стратегик масалада, яъни Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак, деган фикрда якдил. Иккинчидан, биз халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масъулиятини ҳар доим ўз зиммамизга олишга келишганмиз”, - деди Перри.

Хитойнинг БМТдаги элчиси Ванг Гуангя бу муаммони ҳал этишда Хавфсизлик кенгаши эмас, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик етакчи роль ўйнаши кераклигини таъкидлади. Мазкур агентлик Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги талабни бажарган ёки бажармагани тўғрисида 30 кундан кейин Хавфсизлик кенгашига ҳисобот беради.

Журналистларнинг: “Баёнот қабул қилинганидан хурсандмисиз”, - деган саволига Россиянинг БМТдаги элчиси Андрей Денисов бундай жавоб берди:

“Биз бу баёнотдан хурсанд бўлганимиз йўқ. Чунки бу одамни хурсанд қиладиган масала эмас. Бу Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларининг ҳаммасини чуқур ташвишга солаётган масала. Узоқ давом этган музокараларнинг энг муҳим натижаси ҳаммамиз бир фикрга келганимиздир. Биз аниқ ва жиддий огоҳлантирувчи ҳужжат ишлаб чиқдик”.

АҚШ ва Европа Иттифоқига аъзо уч давлат - Буюк Британия, Германия ва Франция Эронга нисбатан қандай чора кўриш масаласи Хавфсизлик кенгашида муҳокама этилиши тарафдори эканини билдирган.

Хавфсизлик кенгаши баёноти уч ҳафта олдин таклиф этилган матндан анча юмшоқ оҳангда бўлишига қарамай, АҚШнинг БМТдаги вакили Жон Болтон (суратда) ундан қониқиш ҳосил қилган кўринди.

“Баёнотда ҳамма нарса аниқ ва равшан ифода этилган. Биз эронликлар ўзлари айтган гапларни амалда бажаришини кутяпмиз. Теҳрон Атом энергияси бўйича халқаро агентлик аъзоси сифатида ўз зиммасига олган мажбуриятни бажармаяпти. Келгуси 30 кун давомида эронликлар нима қилишини билмайман. Аммо айтиб ўтганимдек, биз бир ойдан кейин шу ерда йиғилишга тайёргарлик кўрамиз”, - деди Жон Болтон.

Эрон бажаришга мажбур бўлмаган юмшоқ оҳангда ёзилган мазкур баёнотни қабул қилиш учун Хавфсизлик кенгаши аъзолари уч ҳафта мобайнида қизғин музокаралар олиб борди. БМТдаги айрим дипломатлар Эрон бажаришга мажбур бўладиган талаблар ёзилган баёнот қабул қилиш учун бундан ҳам кўп вақт керак бўлишини айтяпти.
XS
SM
MD
LG