Линклар

БМТ хавфсизлик кенгаши огоҳлантиришига қарамай Эрон ўз қароридан қайтмаслигини айтмоқда.

  • Ҳасанжон

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси чоршанба куни Эрон уранни бойитиш ишларини 30 кун ичида тўхтатиши кераклиги ҳақидаги баёнотни бир овоздан қабул қилган эди. Пайшанба куни дунё раҳбарлари агар БМТ талаби бажарилмаса, Эрон изоляция қилиниши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди. Эрон расмийлари бу огоҳлантиришни рад этмоқда. Эроннинг Халқаро атом энергияси агентлигидаги вакили Али Ашғар Султония ўз мамлакати уранни бойитиш қароридан қайтмаслигини билдирди.

Жума куни Эрон собиқ президенти оятулло Акбар Хошеми Рафсанжоний Эроннинг ядровий дастури хусусида адолатсиз тортишувнинг давом этиши халқаро ҳамжамият учун “шармандалик” келтиришини айтди. Рафсанжонийга кўра, агар вазият шу тарзда давом этса, у нафақат Эрон, балки минтақа учун ҳам фожиали бўлиши мумкин.

Жума куни эрталаб Эрон Миллий олий кенгаши котиби, бош музокарачи Али Ларижоний Ғарб давлатлари Эрон ядро технологиясига эга бўлишини хоҳламаётганини айтиб, ўз мамлакати уранни бойитиш ишларини тўхтатмаслигини билдирди.

Пайшанба куни Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Эрон уранни бойитиш ишларини 30 кун ичида тўхтатиши кераклиги ҳақида БМТ хавфсизлик кенгаши аъзолари қабул қилган баёнотни, шошма-шошарлик билан чиқарган навбатдаги қарор, дея баҳолади:

“Мен мамлакатни қонуний ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун сиёсий усулларни ишга солиш ҳеч қандай натижа бермаслигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу фақат халқаро келишувларни сусайтиради ва бўҳронли вазият юзага келтиради”.

Женева шаҳрида сўзлаган Муттақий, Эроннинг ядровий дастури масаласини БМТ Хавфсизлик кенгашида кўрилганини кўнгилсиз хатти-ҳаракат, дея баҳолади. Шунга қарамай, Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликни давом эттиради, деди Муттақий.

Пайшанба куни Эрон парламентининг бир неча аъзоси БМТ қўйган талабни рад этиб, ядро ёқилғисини яратиш устида олиб борилаётган тадқиқотлар давом эттирилиши керак, деган фикр билдирдилар.

Шунга қарамай, Теҳрон расмийлари БМТ талабига ҳозирча расмий жавоб қайтаргани йўқ.

Теҳрондаги сиёсий фанлар профессори Содиқ Зебакалом Озодлик радиосига, Теҳрон расмийлари ўз қарорини ўзгартириши эҳтимолдан йироқ, деган фикр билдирди:

“Эронда Наврўз байрами нишонланяпти. Эрон расмийлари муносабатини шарҳлашга ҳали вақт эрта. Аммо ҳозирда шуни айтиш мумкинки, резолюция қабул қилиш орқали Эронни ўз қароридан қайтариб бўлмайди. Шунинг учун бир ой ичида бирор жиддий ўзгариш рўй беради, деб ўйламайман. Эрон ўз позициясини ўзгартиргани йўқ. Аммо Эрон аввал айтганидек, музокаралар олиб боришга доим тайёр ”.

Хавфсизлик кенгаши қабул қилган баёнотда агар Эрон уранни бойитиш фаолиятини тўхтатмаса қандай чоралар кўрилиши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Аммо пайшанба куни Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу агар Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиш талабани бажаришдан бош тортса, охир оқибат Эронга қарши халқаро санкция жорий этилади, деган эди.

Бироқ БМТ Хавфсизлик Кенгашига доимий аъзо бўлган беш давлат расмийлари учрашувидан кейин Россия ва Хитой вакиллари Эронга нисбатан санкциялар жорий этилишига қарши эканликларини айтдилар.
XS
SM
MD
LG