Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:31

“Душман”га қарши курашнинг янги усулими?


28 март куни “Немис тўлқини” радиосининг Ўзбекистондаги мухбири Наталья Бушуеванинг уйига тинимсиз қўнғироқлар бўла бошлади. Телефон қилганларнинг бари журналист қиздан уйининг нархи ёки интим хизмат қанча туриши ҳақида сўради.

Кейинрок маълум бўлишича, арзонга уй сотилиши ва интим хизмат таклиф этилган, Тошкент бўйлаб ёпиштириб чиқилган эълонларда Н.Бушуеванинг исми ва телефон номери ёзилган бўлган.

“Бу кутилмаганда бошланди. Афтидан одамлар эрта тонгда ва ё тунда бу эълонларни шаҳар бўйлаб ёпиштирган. Менга шаҳарнинг турли бурчакларидан қўнғироқлар бўлди. Аввалига қандайдир хато кетган бўлиши мумкин, деб ўйладим. Кейин билсам, ўша эълонларда менинг исмим ҳамда телефон номерим ёзилган экан”, - дейди журналистнинг ўзи.

Унинг айтишича, эълонлар турли кўринишда бўлиб, улар шаҳарнинг деярли барча туманига тарқатилган.

“Шу эълонлардан бирида “Сиз учун ажойиб массаж” сўзи, тагига эса телефон ёзилган. Ўртада малласоч қизнинг расми. Кўкракларига “Сауна+интим” сўзлари бор. Бошқа эълонларда эса “бадавлат эркаклар учун массаж, хизматнинг барча турлари бажарилади” сўзлари ёзилган. Аслида бунақа эълонлар берилмайди. Шунинг учун бўлса керак, менга жуда кўп эркаклар телефон қилди. Албатта, бунақа қўнғироқлар кўнгилга ёқмайди. Лекин ўзимни қўлга олиб, уларга бу кимнингдир ўйини эканини ва бошқа безовта қилмасликларини сўрадим. Ҳали ҳам телефоним жиринглаяпти. Ҳозиргача 150дан ортиқ қўнғироқ бўлди”, - дейди Н.Бушуева.

Бу кимнингдир ҳазилими ё Ўзбекистондаги воқеаларни ёритаётган журналистни обрўсизлантиришга уринишми?

Н.Бушуева бундай ишни қилиш оддий одамнинг қўлидан келмаслигини таъкидлади.

“Менимча, бу касбий фаолиятим билан боғлиқ бўлса керак. Зеро, бир кеча кундузда шаҳар бўйлаб эълонлар ёпиштириб чиқиш бир кишининг қўлидан келмайди”, - деди у.

Наталья Бушуева Андижон воқеалари ва шу воқеалардан сўнг Ўзбекистонда юзага келган вазият ҳақида “Немис тўлқини” радиосига лавҳалар тайёрлаб келган. Ўтган йил сентябрда аккредитацияси муддати тугагач, қайта рўйхатдан ўтиш учун Ташқи ишлар вазирлигига ариза берган. Аммо шу пайтгача у аккредитация олгани йўқ.

Аввалроқ “Немис тўлқини” радиосининг Бухородаги мухбири Обид Шабоновнинг аккредитацияси бекор қилинган эди. Ҳозирда радионинг фақат бир мухбири - Юрий Черногаев Ўзбекистонда фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг хорижий ОАВ учун ишловчи ва чет эл журналистлари фаолиятини чекловчи қарори кўпчилик мухбирлар қатори Н.Бушуевани ҳам хавотирга солган. У Ўзбекистонда қолган ҳамкасбларига телефон қилиб, мазкур қарор юзасидан ҳукуматни судга беришни таклиф этган ва ҳамма воқеа шундан кейин бошланган.

“Ҳар эҳтимолга қарши бўлиб ўтган воқеа юзасидан дарҳол милицияга мурожаат этдим. Эълонларни ҳам кўрсатдим. Аммо ҳалигача жавоб йўқ”, - дейди Н.Бушуева.

Россияда чиқадиган "Мир новостей" газетасининг Тошкентдаги мухбири Надя Степанованинг билдиришича, чет эл оммавий ахборот воситаларига ишлайдиган журналистларни обрўсизлантиришга уринишлар Ўзбекистонда биринчи бор кузатилаётгани йўқ.

“Журналист ҳамкасбларимизни қоралаш мақсадида бундай бўҳтон маълумотларнинг тарқатилиши шахсан менинг ғазабимни қўзғатади. Бунақа йўл билан истаган одамни обрўсизлантириш мумкин. Шундай вазиятда журналистлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаши керак”, - деди Н.Степанова.
XS
SM
MD
LG