Линклар

Навбат “Ҳьюман райтс уотч”гами?

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон Адлия вазирлиги “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси фаолиятини текширмоқчи. Бу ҳақда вазирлик ваколатхонага хат жўнатилган.

Илгари бу каби текширувлар оқибатида Ўзбекистондаги бир неча хорижий ноҳукумат ташкилотлар ёпилган эди. “Ҳьюман райтс уотч” эса ҳозиргача Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятини давом эттираётган ягона халқаро ташкилот бўлиб қолаётир.

Ваколатхона фаолиятини текшириш тўғрисидаги мактуб пайшанба куни олинган. Бу ҳақда “Ҳьюман райтс уотч”нинг Тошкентдаги вакиласи Андреа Берг маълум қилди.

“Айрекс”, “Евроосиё” жамғармаси, “Фридом ҳаус” ташкилотлари фаолияти шу тарзда тўхтатилган эди. Аввал улар бу ташкилотлар фаолиятини текшириб, кейин Ўзбекистон қонунларига зид нуқсонларни топиб, идораларини ёпганди”, - дейди Андреа Берг.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги “Фридом ҳаус”ни ноҳукумат ташкилотлар тўғрисидаги қонунни бузганлик ҳамда ташкилот логосини рўйхатдан ўтказмаганликда айблаганди. Шунга ўхшаш айбловлар билан аввалроқ Сорос жамғармаси, сал ўтиб Американинг “Интерньюс нетуорк”, IREX ташкилотлари, кейин эса “Евроoсиё” жамғармасининг Ўзбекистондаги идоралари ёпилган эди. Барча ташкилотлар Адлия вазирлигининг айбловлари асоссиз эканини айтган.

Андреа Бергнинг таъкидлашича, “Ҳьюман райтс уотч” фаолияти аввал Ўзбекистонда ёпилган ташкилотларникидан фарқ қилади.

“Биз грантлар билан шуғулланмаймиз, ҳамкорларимиз йўқ. Шу жиҳатдан биз бошқа ташкилотлардан фарқ қиламиз. Лекин кўрамиз нима бўлар экан”, - деди Андреа Берг.
XS
SM
MD
LG