Линклар

ЕХҲТ раиси Ўзбекистонда

  • Замира Шукур

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раиси, Белгия ташқи ишлар вазири Карел де Гуҳт Марказий Осиё бўйлаб амалга ошираётган сафари доирасида 31 март куни кечқурун Тошкентга келди.

Бундан аввалроқ айрим ахборот агентликлари ЕХҲТ раиси Ўзбекистонни атайин четлаб ўтиши ҳақида хабар тарқатган эди. Бунга де Гуҳтнинг Остона, Бишкек, Ашхобод, Душанбедан кейин 30 март куни Кобулга жўнаб кетгани сабаб бўлганди.

Аммо ЕХҲТ матбуот котиби Кейс Йинкс 31 март куни Карел де Гуҳтнинг Тошкентга йўл олганини расман тасдиқлади.

“ЕХҲТ раисининг Тошкентга бормаслиги ҳақидаги хабарлар ҳазилдан бошқа нарса эмас. Айни шу дақиқаларда жаноб Гуҳт Кобулдан Тошкентга учмоқда”, - деди ташкилот матбуот котиби Тошкент вақти билан кечки соат бешларда.

Белгия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Бруно Йанс де Гуҳтнинг Тошкентга сафари аввалдан режада бўлганини билдирди.

“Аслида бу сафар режасида Афғонистон йўқ эди. Аммо Душанбе ва Тошкент сафарлари ўртасида бир кун бўш қолганидан фойдаланиб, вазир ярим кунга Кобулда тўхтаб ўтишга қарор қилди”, - деди Б.Йанс.

Унинг сўзларига қараганда, вазир Тошкентда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги расмийлари, маҳаллий фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади. 1 апрель куни эса де Гуҳтнинг президент Ислом Каримов ва ўзбекистонлик ҳамкасби Элёр Ғаниев билан учрашуви режалаштирилган.

“Менга де Гуҳтнинг И.Каримов билан учрашувида нима масалалар муҳокама қилишини тафсилотлари маълум эмас. Аммо учрашув кун тартибида ЕХҲТнинг Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиëдаги роли муҳокама қилиш борлигини биламан. Айни пайтда мамлакатнинг ички сиëсати билан боғлиқ масалалар ҳам тилга олинса керак. Зотан, Карел де Гуҳт Тошкентга ЕХҲТ раиси сифатида бормоқда. ЕХҲТ мажбуриятига эса инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги вазиятини яқиндан кузатиш ҳам киради”, - деди Бруно Йанс.

Б.Йанс Ислом Каримов билан учрашув чоғида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида юзага келган кескинликни юмшатиш масаласи ҳам кўтарилиши мумкинлигини тахмин қилди.
XS
SM
MD
LG