Линклар

Оқ уй Қозоғистоннинг “қилиғи”дан ташвиш билдирди

  • Озодлик

АҚШ ҳукумати Қозоғистоннинг ўтган йили ўзбекистонлик 9 фуқарони ноқонуний равишда юртига экстрадиция қилганидан хавотир билдирди. Вашингтон буни “инсон ҳуқуқларининг жиддий паймол этилиши”, дея баҳолади.

Ўзбекистонлик бу фуқаролар 2005 йил ноябрда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида номаълум вазиятларда ҳибсга олиниб, унданда шубҳалироқ вазиятда Ўзбекистон қамоқхонасида пайдо бўлиб қолганди. Маълумотларга кўра, қўлга олинган шахслардан 4 нафари БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги ҳимоясида бўлган.

Давлат департаменти вакили Адам Эрели АҚШ Қозоғистон ҳукумати билан бу масалани бир неча марта кўтарганини билдирди.

“Биз бундан хавотирда эканимизни билдириб, улардан вазиятни ўрганишини сўраганмиз. Мен вазият ҳақида бирор марта аниқ маълумот олганимиз, деб айта олмайман ва бу бизни ташвишга солмоқда. Бу инсон ҳуқуқларининг жиддий паймол этилишидан далолатдир. Қочқинларнинг ўз ҳоҳишига қарши ватанларига қайтарилиши халқаро меъëр ва амалиëтларга зид”, - деди А.Эрели.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қозоғистонда ўзбекларнинг ҳибсга олиниши ноқонуний бўлганини таъкидламоқда.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти куни-кеча Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга мактуб йўллаб, воқеа юзасидан текширув ўтказишини сўради.

“Мактубни айнан ҳозир юбораëтганимизга сабаб шуки, Тошкентда Қозоғистонда ҳибсга олинган ўзбекистонликлардан иккиси устидан суд бошланди. Мактубдан мақсад Қозоғистон президенти Н.Назарбоевга ноқонуний тарзда юртига қайтарилган ўзбеклар устидан суд бошланганини хабар қилиш ва бу юзасидан текширув ўтказишга чақиришдир”, - деди ташкилотнинг Тошкентдаги вакиласи Андреа Берг.

Мазкур мактубда 2005 йил ноябрь ойининг охирида Қозоғистонда ҳибсга олиниб, Ўзбекистон қамоқҳонасида пайдо бўлган ўзбекларга оид воқеа тафсилотлари келтирилади.

Расмий Остона “Ҳьюман райтс уотч” иддаоларини инкор этмоқда.

Ўзбекистон эса Қозоғистондан экстрадиция қилинган 9 фуқарони диний экстремизм ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбламоқда.

Халқаро жамоатчилик инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва ноқонуний йўллар билан экстрадиция қилинган ўзбеклар тақдиридан хавотир билдираëтган бир пайтда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси расмийлари сўнгги пайтларда турли террорчи гуруҳларининг 15га яқин етакчиси қўлга олинганини, Россия Федерал хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Сергей Смирнов эса ўзбекистонлик 19 киши Россиядан Тошкентга экстрадиция қилинганини маълум қилди.

С.Смирновнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга экстрадиция қилинганларнинг барчаси “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Хўш, халқаро жамоатчилик ўзбекларнинг ватанига экстрадиция қилиниши халқаро талабларга жавоб бермаслигини айтаëтган бир пайтда Ўзбекистонга қўшни бўлган мамлакатлар нега ушбу талабларга зид иш тутмоқда?

Москвадаги МДҲ институти директори ўринбосари Владимир Жарихиннинг билдиришича, МДҲ мамлакатлари ўртасида экстрадиция тўғрисида келишув мавжуд. Масалан, Украина Россия фуқароларини Москва, Россия ҳукумати эса Украина фуқароларини Киев ихтиëрига топширади. МДҲнинг бошқа аъзолари ўртасида ҳам бу амалиёт кенг тарқалган.

Мустақил кузатувчи Виталий Портников эса бу амалиётдан афсус билдирди.

“Минг афсуслар бўлсинки, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида қандай келишувлар имзоланган бўлмасин, МДҲ ҳудудида ҳамон “президентлар ҳамжиҳатлиги” асосий ролни ўйнамоқда. Бу каби ишлар халқаро талабларга асосланиб ўзгариши учун ҳали кўп вақт керак. Бу кўп ҳолларда мамлакатлардаги сиëсий вазиятга бориб тақалади”, - деди В.Портников.

Шу ўринда яна бир маълумот. ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг Тошкент ўтган кенгашида 2007-2009 йилларда террорчилик, айирмачилик ва экстремизмга қарши ҳамкорлик дастурлари бўйича келишувга эришилди. Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги хабарига кўра, ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида фаолият юритадиган террорчи ташкилотлар рўйхати кенгашнинг Тошкентда ўтадиган навбатдаги йиғилишида янгиланади.
XS
SM
MD
LG