Линклар

Эрон ўз қароридан қайтмоқчи эмас

  • Ҳасанжон

Чоршанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси Эрон уранни бойитиш ишларини 30 кун ичида тўхтатиши кераклиги ҳақидаги баёнотни бир овоздан қабул қилган эди.

Пайшанба куни дунё раҳбарлари Теҳронни агар БМТ талаби бажарилмаса, Эрон изоляция қилиниши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Эрон расмийлари бу огоҳлантиришни рад этмоқда. Эроннинг Атом энергияси бўйича халқаро агентликдаги вакили Али Ашғар Султония ўз мамлакати уранни бойитиш қароридан қайтмаслигини билдирди.

Эроннинг собиқ президенти оятулло Акбар Ҳошимий Рафсанжоний эса Эроннинг ядровий дастури хусусида “адолатсиз тортишувнинг давом этиши халқаро ҳамжамият учун шармандалик келтириши”ни айтди. У агар аҳвол шу даражада давом этаверса, бу нафақат Эрон, балки минтақа учун ҳам фожеали бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ўз навбатида, Эрон Миллий олий кенгаши котиби, ядровий дастур масалалари бўйича бош музокарачи Али Ларижоний Ғарб давлатлари Эрон ядро технологиясига эга бўлишини хоҳламаётганини айтиб, ўз мамлакати уранни бойитиш ишларини тўхтатмаслигини билдирди.

Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Эрон уранни бойитиш ишларини 30 кун ичида тўхтатиши кераклиги ҳақида БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари қабул қилган баёнотни “шошма-шошарлик билан чиқарилган навбатдаги қарор”, дея баҳолади.

“Мен мамлакатни қонуний ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун сиёсий усулларни ишга солиш ҳеч қандай натижа бермаслигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу фақат халқаро келишувларни сусайтиради ва инқирозли вазият юзага келтиради”, - деди М.Муттақий.

М.Муттақий Эроннинг ядровий дастури масаласи БМТ Хавфсизлик кенгашида кўрилганини “кўнгилсиз хатти-ҳаракат” ўлароқ баҳолаган бўлса-да, Эрон Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.

Шунингдек, Эрон парламентининг бир неча аъзоси ҳам БМТ қўйган талабни рад этиб, ядро дастури доирасидаги тадқиқотлар давом эттирилиши кераклигини таъкидлади.

Шунга қарамай, Теҳрон расмийлари БМТ талабига ҳозирча расмий жавоб қайтаргани йўқ.

Теҳронлик сиёсий фанлар профессори Содиқ Зебокалом “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Эрон ўз қароридан қайтиши ҳақиқатдан йироқлигини билдирди.

“Эронда Наврўз байрами нишонланяпти. Эрон расмийлари муносабатини шарҳлашга ҳали вақт эрта. Аммо шуни айтиш мумкинки, резолюция қабул қилиш орқали Эронни ўз қароридан қайтариб бўлмайди. Шунинг учун бир ой ичида бирор жиддий ўзгариш рўй беради, деб ўйламайман. Эрон ўз позициясини ўзгартиргани йўқ. Аммо Эрон, аввал айтганидек, музокаралар олиб боришга доим тайёр ”, - деди С.Зебокалом.

Хавфсизлик кенгаши қабул қилган баёнотда агар Эрон уранни бойитиш фаолиятини тўхтатмаса, қандай чоралар кўрилиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Аммо Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жэк Стро Эрон БМТ талабини бажармаса, унга қарши халқаро санкция жорий этилишидан огоҳлантирди. Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлмиш Россия ва Хитой вакиллари эса Эронга нисбатан санкциялар жорий этилишига қарши эканлигини айтди.
XS
SM
MD
LG