Линклар

Қозоғистонда мобил алоқа хизмати қиммат, лекин...


Мобил телефон алоқаси тарқалиши кўлами жиҳатдан Қозоғистон Марказий Осиёда биринчи ўринда туради. Ўтган йили мамлакатда алоқанинг бу туридан фойдаланувчилар сони уч миллиондан ошди.

Маълумотларга кўра, 2005 йилда Қозоғистон 194 тонна уяли телефон воситаларини импорт қилган. Бу 2004 йилга нисбатан 20 тонна кўпдир. Соҳа мутасаддилари яқин келажакда мобил телефонларга бўлган эҳтиёж янада ошишини башорат қилмоқда.

Айни пайтда Қозоғистон мобил алоқа бозорида “GSM Kazakhstan” компанияси етакчи ҳисобланади. 1998 йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур компания қозоғистонликларга K'Cell ва Activ савдо маркаларини таклиф қилди. Айни пайтда, маълум бўлишича, мобил алоқа воситаларидан фойдаланувчиларнинг мутлақ кўпчилиги айни шу компания мижозидир. Кузатувчилар бозордаги деярли монопол вазият бу компания хизмати анча-мунча қимматлигича қолишига сабаб бўлаётганини айтяпти.

Шунга қарамай, “GSM Kazakhstan” мамлакатнинг энг чекка қишлоқларига ҳам ўз антенналарини ўрнатиб, алоқа қамровини кенгайтиришда давом этяпти. Яқинда Жанубий Қозоғистондаги аҳолисининг аксариятини ўзбеклар ташкил этадиган Қорамурт қишлоғига ҳам компаниянинг антенналари ўрнатилди.

“Бундай алоқа қишлоғимиз аҳолиси учун ҳам жуда зарур. Энди биз ҳам дунёнинг истаган жойи билан гаплашаверамиз”, - дейди Қорамурт қишлоғи ҳокими ўринбосари Фаррух Ҳусанбоев.

Қозоғистонда мобил телефондан фойдаланиш анча қиммат бўлишига қарамай, алоқанинг бу туридан фойдаланувчилар сони кундан-кунга кўпайиб боряпти. Ҳатто мактабларнинг 5-6 синфларида ўқийдиган айрим болаларда ҳам мобил телефон бор.
XS
SM
MD
LG