Линклар

logo-print

АҚШ Давлат котиби ва Британия Ташқи ишлар вазирининг Бағдодга кутилмаган ташрифи

  • Ҳасанжон

Бир неча ойдан бери Ироқда янги ҳукумат тузиш борасида музокаралар давом этаётганига қарамай, суннийлар ва курдлар коалицияси шиалар билан келишувга эриша олмаяпти. АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс ва Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу якшанба куни кутилмаганда Бағдодга борди. Сафардан мақсад Ироқнинг сиёсий раҳбарларини мамлакатдаги барча гуруҳ вакилларини ўз ичига олган миллий бирлик янги ҳукумати тузиш жараёнини тезлатишдан иборат.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс ва Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу хавфсизлик чоралари кучайтирилган вазиятда, махфий тарзда Британиядан Ироққа учиб кетди. Бағдодга кутилмаган ташрифдан кўзланган мақсад Ироқнинг сиёсий раҳбарларини мазҳабий зўравонликлар давом этаётган шароитда бир неча ойдан бери чўзилиб келаётган янги ҳукумат тузиш музокараларини тезлатишдан иборат.

Кондолиза Райс якшанба куни Бағдодда президент Жалол Талабани, Бош вазир Иброҳим Жаафари ва ҳукуматнинг бошқа юқори лавозимли расмийлари билан учрашиб, уларни янги ҳукумат тузиш ишларини тезлатишга чақирди.

Райс ва Строу ташрифидан бир кун олдин Иброҳим Жаафари аъзо бўлган “Шиалар Иттифоқи” блоки янги ҳукумат тузиш жараёнини давом эттириш мақсадида Жаафарини Бош вазир лавозимидан истеъфога чиқишга чақирган эди. Жаафари бундан буён ҳам Бош вазир лавозимида қолишига суннийлар ва курдлар қарши бўлгандан сўнг янги ҳукумат тузиш борасида ўтказилаётган сўзлашувлар тўхтаб қолган эди.

1 апрел куни Британия телевидениесига интервью берган Кондолиза Райс Ироқда фуқаролар уруши таҳдид солаётганини тан олди:

“Абу Мусаб аз-Зарқавий каби одамлар фуқаролар уруши келтириб чиқаришга уринаёгани сабабли мамлакатда мураккаб вазият юзага келди. Халқлар ўртасидаги келишмовчилик узоқ йиллар давомида зўравонлик ёки қатағонлар орқали хал қилиб келингани мазҳаблар ўртасидаги муносабатни кескинлаштирди. Ҳозирда барча муаммони сиёсий йўл ва муросаа орқали хал этишга уриниш бўлаётгани учун мамлакатда мураккаб вазият юзага келган”.

Декабр ойида сайлов ўтказилганига уч ойдан ошган бўлишига қарамай, Ироқда ҳозиргача барча сиёсий гуруҳларни ўз ичига олган муштарак янги ҳукумат ташкил этилгани йўқ. Шу боис АҚШ ва Ироқ расмийлари янги ҳукумат ташкил этиш уруш ҳаракатларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга, демоқдалар.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс шанба кунги баёнотида Ироқ демократия йўлидан бораётганини айтди:

“Агар бошқача йўл тутилганига, бу халқлар ҳозирга қадар диктатор зулуми остида яшаётган, Саддам Ҳусайн қўшни давлатлар ва ўз халқига таҳдид қилишни давом эттираётган бўларди. У давр ўтиб кетди. Ҳозир ироқликлар ўта мураккаб йўл – демократик давлат қуриш йўлидан бормоқдалар. Биз буни қутлашимиз керак. Бу йўл қанчалар қийин ва мураккаб бўлмасин, у ўтмишга солиштирганда анча яхши келажак сари элтади”.

Айни пайтда, Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу ўз мамлакати демократик давлат қуришда Ироққа ёрдам беришга бел боғлаганини алоҳида таъкидлади.

Шанба куни шиалар партиялари вакиллари курдлар ва суннийлар коалицияси билан навбатдаги давра музокараларини ўтказди. Курдлар ва суннийлар феврал ойида шиалар иттифоқи кўрсатган Иброҳим Жаафари номзодини яна рад этди. Бу эса Жаафари тарафдорларининг Бағдод кўчаларида норозилик намойиши уюштиришига сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG