Линклар

Хўжа Насриддин ва унинг эшаги Москвада ёки ўзбеклар Афандидан хафами?


Басира 1 апрель – Кулгу кунида Москванинг “Трамплин” савдо марказида Хўжа Насриддин ва унинг садоқатли эшаги ҳайкали очилди. Бу ҳайкаллар москвалик ҳайкалтарош Андрей Орлов ижоди маҳсулидир.


Насриддин Афанди “Трамплин”да Барон Мюнҳаузен билан топишди, дейиш мумкин. Бароннинг бронза ҳайкали бу ерга бундан икки йил аввал ўрнатилган эди.


Афандининг тимсолини бронзага кўчирган А.Орловнинг айтишича (суратда), у Хўжа Насриддиннинг Ўзбекистондаги баъзи ҳайкалларини кўрган.

“Мен яратган ҳайкал улардан бошқача. У ерда статик композициялар эди. Биз Хўжа Насриддин юриши кераклигини, яъни у бутун дунё бўйлаб юриб, шарқона зийракликни тарқатишини мақсад қилган эдик. Ахир унинг миллати йўқ. У ўзбекларга ҳам, тожикларга ҳам, қозоғу қирғизга ҳам, ҳатто чеченларга ҳам тегишли”, - дейди ҳайкалтарош.


Москвада турли халқлар адабий қаҳрамонларининг ҳайкалларини ўрнатиш ташаббуси “Маданият мулоқоти – ягона олам” хайрия жамғармаси томонидан илгари сурилган. Мазкур жамғарма 2005 йилдан буён расман фаолият кўрсатмоқда. Унинг мақсади турли халқлар анъаналарини таништириш, толерантликка бирлаштиришдир.


“Хўжа Насриддин ҳаётни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилган. Ҳеч қачон умидсиз бўлмаган, ўзига ва Худога бўлган ишончни йўқотмаган. Умид қиламизки, биз бошлаган ҳайкаллар ўрнатиш анъанаси Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам давом этади”, - деди жамғарма раҳбари Руслан Байрамов.


Хўжа Насриддин ва унинг эшаги ҳайкалининг очилиш маросимида қатнашган Тожикистон элчихонаси, қозоқ ва тожик, озарбойжон ва қирғиз диспораси вакиллари турли латифалар айтиш орқали бу халқ қаҳрамонининг ўзларига қанчалик яқинлигини яна бир бор намойиш этди.


Аммо тантана бошловчиси ва Хўжа Насриддин Ўзбекистон элчихонаси вакилларини қанча изламасин, улар топилмади. Зеро, маросимга таклиф этилганлар рўйхатида ўзбек расмийлари номи ҳам бор эди…
XS
SM
MD
LG