Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:18

Де Гуҳт Андижон ҳақида эшитишдан қўрқадими?


“Озодлик” радиоси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Белгия ташқи ишлар вазири Карел де Гуҳтнинг Ўзбекистонга қилган сафаридан маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан айримлари қониқмаган кўринади.

Жумладан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов де Гуҳтга қилган мурожаатида маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг ЕХҲТнинг аввалги раҳбарлари билан учрашувлари самарали бўлганини таъкидлайди.
Учрашувлар натижасида ўша пайтларда ҳибсда бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари озодликка чиқарилган, сиёсий сабаблар билан таъқиб қилинаётган кишилар тинч қўйилган.

Т.Ёқубов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ЕХҲТ илгари салоҳиятини йўқотгани, ташкилотнинг амалдаги раиси Карел де Гуҳт эса Ўзбекистонга сафари чоғида маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари билан мўлжалланган учрашувда қатнашмаганини билдирди.

“Ҳақиқатдан ҳам, бизга ЕХҲТ раиси билан учрашув бўлиши айтилган эди. Белгиланган вақтда ЕХҲТ делегацияси аъзолари келди, аммо улар орасида де Гуҳт жаноблари йўқ эди. Бизга ташкилот раиси 15 дақиқадан сўнг келиши айтилди, аммо у барибир келмади. Қизиғи шундаки, Карел де Гуҳт билан режаланган учрашувдан аввал ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ходими Жўрабек Омонов йиғилишда Андижон масаласини кўтармасликни сўраган эди”, - деди Т.Ёқубов.

“Озодлик” мухбири ЕХҲТ ваколатхонаси ходими Жўрабек Омоновнинг ўзидан бу масалага ойдинлик киритишни сўрамоқчи бўлди. Бироқ Ж.Омоновнинг “банд”лиги сабабли бунинг имкони бўлмади.

Белгия ташқи ишлар вазири матбуот котиби, де Гуҳтнинг Марказий Осиёга сафари чоғида унга ҳамроҳлик қилган Руди Ҳайгелен Ўзбекистонда вазирнинг маҳаллий ноҳукумат ташкилотлари аъзолари билан режаланган учрашуви ўтказилганини билдирди.

“Де Гуҳт маҳалллий ноҳукумат ташкилотлари аъзолари билан учрашди. Унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашмагани ҳақидаги маълумотни қаердан олгансиз, билмадим, аммо бу бекор гап. Тўғри, де Гуҳт учрашувга бироз кечикди, аммо учрашувда у қатнашди”, - деди Р.Ҳайгелен.

Р.Ҳайгелен, шунингдек, ЕХҲТ делегацияси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашувда Андижон воқеаларига тўхталганини ҳам маълум қилди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов ҳам ЕХҲТ сўнгги икки йил ичида инсон ҳуқуқлари соҳасида арзигулик иш қилмаганини таъкидлайди.

“ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси инсон ҳуқуқлари борасида сўнгги йилларда ҳеч нарса қилмаяпти. Аслида улар маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларини чақириб, улар билан тез-тез мулоқотда бўлиб туриши керак эди. Аммо, афсуски, биз буни кўрмаяпмиз”, - деди С.Икромов.

С.Икромов куни-кеча ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзуида Венада ўтказилган анжуманидан қайтди. У анжуманда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳақида нутқ сўзлаб, ЕХҲТни расмий Тошкентга нисбатан жиддий чора кўришга чақирди.

“Мен Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, таъқиблар ҳақида гапирдим ва ЕХҲТни расмий Тошкентга нисбатан жиддий чоралар кўришга чақирдим”, - деди С.Икромов.

Айрим кузатувчиларнинг фикрича, 2007 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайлови олдидан расмий Тошкент мамлакатда фаолият юритаётган аксарият ноҳукумат ташкилотлар, журналистлар ва мухолифат аъзоларини таъқиб қилмоқда. ЕХҲТга ўхшаш ташкилотлар эса ҳукуматнинг қора рўйхатига тушмаслик учун Ўзбекистон раҳбариятига босим ўтказа олмаëтган бўлиши мумкин, дейди улар.
XS
SM
MD
LG