Линклар

logo-print

Туркманбоши “буюк қўшни”никида меҳмонда

  • Замира Шукур

Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзов Хитойга сафар қилмоқда. Душанба куни Туркманбоши Хитой раҳбари Ху Цзинтао билан учрашиб, бир неча келишувлар, хусусан, терроризмга қарши ҳамкорликдаги курашга оид шартномага имзо чекди.

С.Ниëзовнинг Хитойга расмий ташрифи олти кун давом этиши мўлжалланган. Ўз саройидан чиқишни кўп ҳам хуш кўрмайдиган Туркманбоши учун бу хорижга қилинаётган энг узоқ муддатли сафардир.

Сафарни шарҳлаётган кузатувчиларнинг фикрича, сафарнинг давомийлиги унинг аҳамиятидан ҳам дарак беради. Зотан, Туркманбоши бу улкан қўшни билан кўп масалада, хусусан, табиий газ сотиш борасида кўп миллиард долларлик келишувларга кўз тикмоқда.

Энергетека ресурсларига нисбатан иштаҳаси кундан-кунга очилиб бораëтган баҳайбат Хитой Туркманистон қанча газ етказиб берса, ҳаммасини олишга қодир. С.Ниëзовнинг сафар арафасида айтишича, Туркманистон Хитойга йилига миллиардлаб куб метр газ сотишни режалаштиряпти.

“Амударëнинг Хитойга яқин қирғоқларида газ конлари бор. Ўша конлардан биз Хитойга Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб беришимиз мумкин. Бунинг учун имконимиз катта”, - деди Туркманбоши.

Туркман президентининг таъкидлашича, мамлакатнинг газ захиралари ниҳоятда улкан.

Гарчи бу газнинг миқдори ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган бўлса-да, конларни ўзлаштириш учун Туркманистонга улкан сармоя зарур. Олти кунлик сафар давомида С.Ниëзов Хитойдан айнан ана шу сармояни ундиришга уринади.

Айрим кузатувчилар катта миқдордаги туркман газини Хитойга сотиш С.Ниëзов ўйлаëтганидан кўра қийинроқ бўлишини айтмоқда. Шундайлардан бири Туркия парламенти ҳузуридаги Турк-Хитой дўстлик жамиятининг собиқ президенти Халил Шебгиндир.



“Туркман табиий газини Хитойга етказиш жуда қийин. Бу борада учта катта муаммони ечиш керак. Биринчидан, табиий газни Хитойга элтувчи қувур тортиш лозим. Иккинчи муаммо, бу қувурлар учун улкан маблағни қаердан олиш. Учинчидан, қувурлар Ўзбекистон каби муаммоли давлат ҳудудидан ўтиши керакки, ўзбек-туркман муносабатларидаги мураккабликлар бу лойиҳага таъсир кўрсатмай қолмайди”, - деди Х.Шебгин.

Бошқа кузатувчилар фикрича, Туркманбошининг олти кунлик сафаридан кўзланаëтган мақсад савдо ва сармоя манфаатлари билангина чекланмайди.

Хитой бўйича мутахассис Глен Барклай С.Ниëзов ҳам минтақада бораëтган катта ўйин турткисида катта қўшнисиникига келганини таъкидлайди.

“Марказий Осиëда, асосан, уч давлат – Россия, Хитой ва АҚШ минтақани ўз таъсир доирасига олиш учун кескин кураш олиб бормоқда. Шу кунларда Хитойнинг минтақада дипломатик фаолиятини кучайтирганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Хитой иқтисодининг ниҳоятда қудратли тортиш кучи нафақат Марказий Осиë, балки бошқа қитъадаги давлатларни ҳам ўзига оҳанрабодай тортмоқда”, - дейди хитойшунос таҳлилчи.

Г.Барклайнинг қўшимча қилишича, Марказий Осиë, хусусан, Туркманистон билан кучли иқтисодий муносабатлар ўрнатиш орқали Хитой АҚШнинг минтақадаги таъсир кучини жиддий равишда камайтира олади. Шунингдек, Хитой иқтисодий ривожлантиришни рағбатлантириш баробарида сиёсий назоратни ўз қўлида қаттиқ ушлаб тургани ҳам Туркманбошини қизиқтиради.

“Туркманбоши Хитойга ўзи учун модел ўлароқ қараëтган бўлиши мумкин”, – деди Г.Барклай.
XS
SM
MD
LG