Линклар

Хўрозлар жанги


Жанубий Қозоғистонда Наврўз байрами муносабати билан ҳар йили хўроз уриштириш мусобақалари бўлиб ўтади. Бу йилги мусобақаларда ўзбекистонлик хўроз уриштириш ишқибозлари ҳам қатнашди.

Чимкентлик Равшан Эрматов 40 йилдан буён хўроз уриштириш билан шуғулланади. Унинг айтишича, даврадаги хўрознинг кучига қараб, 1000 тангадан 50 минг тангагача пул тикилиши мумкин. Бу мусобақада қимордаги сингари ғирромлик қилиб бўлмайди.

Хўроз уриштириш мусобақаларида ҳар жойда ҳар хил пул тикилади.

“Олмаотада ҳам хўроз ўйинлари бўлади. Улар фақат долларга ўйнайди. Бизда хўрозларнинг битта жангига 500 танга пул тикилса, олмаоталиклар 500 доллар қўяди. Бизда 1000 танга бўлса, уларда 1000 доллар пул тикилади”, - дейди Р.Эрматов.

Сайрамлик Комил ака эса 7 ёшидан буён хўроз уриштиради. Ўзининг сўзларига кўра, унинг хўрозлари бир пайтлар фақат ғолиб бўлган.

“1994 йилдан бошлаб уч йил давомида фақат менинг хўрозларим ютиб келди. Кейинчалик эса корейс, филиппин зотидаги хўрозлар кўпайиб кетди. Уларнинг нархи қимматлигидан сотиб олишга қўлим калталик қилади”, - дейди Комил ака.

Унинг хўрозлари маҳаллий даканглар. Кийинги йилларда эса фақат хориж зотли хўрозлар ютуқни олиб кетяпти. Уларнинг нархи ҳам шунга яраша анча қиммат.

Комил аканинг таъкидлашича, хўрознинг зотига қараб нархи ҳам қимматлашиб боради. Масалан, 500 тангадан бошлаб 5 минг долларгача нархланадиган хўрозлар бор.

Жанубий Қозоғистонда бу йил ўтказилган хўроз уриштириш мусобақасига Ўзбекистондан ҳам ишқибозлар келди. Шулардан бири хоразмлик Ҳикматилла Айитовдир. Улар, ўзининг айтишича, хўроз уриштиришга оилавий қизиқади.

Ҳ.Айитовнинг билдиришича, Қозоғистонда хўроз уруштириш Ўзбекистондагидан фарқли бўлади. Масалан, Хоразмда хўрози енгилаётганини сезган киши жангни тўхтатиши мумкин. Жанубий Қозоғистонда эса жанг хўроз йиқилгунча давом этиши шарт.

Ҳ.Айитбоев Хоразмда хўроз уриштириш билан шуғулланадиган аёллар ҳам борлиги айтди.

Хўрозбозларнинг таъкидлашича, кейинги йилларда хўроз уриштиришга қизиқувчилар сони тобора ошиб боряпти.
XS
SM
MD
LG