Линклар

logo-print

4 апрел куни биринчи бор Миналардан огоҳ бўлиш куни нишонланди.

  • Ҳасанжон

БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан 4 апрел куни биринчи бор Миналардан огоҳ бўлиш куни нишонламоқда. Бундан кўзланган мақсад – дунёнинг саксондан ортиқ давлатида йилига 20 мингдан ортиқ одам нобуд бўлаётганига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат.

БМТ маълумотига кўра, дунё мамлакатларида ерга кўмилган миналар портлаши оқибатида ҳар йили 15 мингдан 20 минггача одам ҳаётдан бевақт кўз юмади ёки умрбод мажруҳ бўлиб қолмоқда. Афғонистонда миналар ёки портламай қолган снарядлар портлаши оқибатида бир ойда 70дан 100 нафарга одам нобуд бўлмоқда ёки мажруҳ бўлиб қолмоқда.

Афғонистонни миналардан тозалаш бўйича БМТ томонидан ишлаб чиқилган дастурни амалга ошириш учун “HALO Trust” каби ташкилотларнинг минглаб мутахассислари Афғонистон ҳукумати билан яқиндан иш олиб бормоқда. Уларнинг асосий вазифаси миналар ва портламай қолган снарядларни топиш, уларни бир жойга тўплаш ва йўқ қилишдан иборат.

Фарид Хумоюн “HALO Trust” ташкилоти раҳбари. Афғонистонни миналардан тозалаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирган Хумоюн ҳамкасблари билан Миналардан огоҳ бўлиш кунини нишонлаётганини айтди:

“Биз Миналардан огоҳ бўлиш кунини нишонлаяпмиз. Биз Кобул шимолида жойлашган Деҳ Сабз туманидамиз. Афғонистон Мудофаа вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан бирга топганимиз пиёда аскарларга қарши ишлатиладиган 368та минани йўқ қилдик”.

Ҳозирда Афғонистоннинг салкам уч мингта аҳоли пунктида яшовчи тўрт миллиондан ортиқ аҳолига миналар кундалик ҳаётда хавф солмоқда. БМТ маълумотига кўра, Камбоджа, Колумбия ва Афғонистон ҳудудига дунё бўйича энг кўп миналар кўмилган.

БМТ расмийлари миналар хавфидан аввал тахмин қилинганидек ўн йилликлар давомида эмас, балки бир неча йил ичида қутулиш мумкин, деган фикр билдирмоқда. БМТ Бош котиби Кофи Аннанга кўра, агар донор давлатлар, кенг жамоатчилик ва ҳукуматлар бу борада олиб борилаётган ишларни давом эттирса, мақсадга эришиш мумкин.

2003 йилда Афғонистон миналардан фойдаланишни таъқиқловчи Оттава шартномасини имзолади. Мазкур келишувга мувофиқ Афғонистон ҳукумати 2013 йилга қадар мамлакат ҳудудларини миналардан тозалаши ва келаси йил охиригача демилитаризация қилинган қуролли гуруҳлар ҳукуматга топширган қуролларини йўқ қилиши керак бўлади.

Нурилла Хон олти йил олдин Толибларга қарши урушда минада портлаб оёғидан ажралган қўмондон. Хон Афғонистонни миналардан тозалаш ҳаётий аҳамиятга эга эканини айтади:

“Афғонистонда миналар бор экан, ҳаётимиз хавф остида қолаверади. Болалар ҳаёти хавф остида бўлади. Миналар нималигини билмайдиган хорижликлар бу ерга келса, улар ҳаёти ҳам ҳавф остида бўлади ”.

Айтилишича, 1979 йилдан бери миналар ва портламай қолган снарядлар портлаши оқибатида Афғонистонда 100 мингга яқин одам нобуд бўлгани ёки умрбод мажруҳ бўлиб қолган.
XS
SM
MD
LG