Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:53

Тошкентда мусулмонларни ҳибсга олиш кампанияси бошландими?


Тошкентда мустақил мусулмонларни ҳисбга олиш кампанияси бошланди. Бу ҳақда “Узбек рефюжи активист”, яъни “Ўзбекистонлик қочқин фаоллар” номли норасмий ташкилот хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, сўнгги бир неча кун ичида камида 12 киши ҳибсга олинган ва уларнинг барчаси диний экстремистик, айирмачи, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузганлик, бошқарганлик ва уларда қатнашганликда айбланмоқда. Айбланувчилардан бирининг адвокати Тошкент шаҳри ички ишлар бошқармасида ҳибсга олинган кўплаб мусулмон йигитларни кўргани айтилади тарқатилган хабарларда.

Шунингдек, бу ҳақда “Озодлик” радиосига қўнғироқ қилган тошкентлик йигит ҳам маълум қилди.

“Сўнгги кунлар ичида Тошкентда шундай воқеалар содир бўляптики, буни бедодлик, дейиш мумкин. Менинг танишим Дониёр Магдаазимов 29 март куни Мисрга ўқишга кетаётганида аэропортда ҳибсга олинди. Уни ўқиш жойидан 15 талаба қаторида Мисрга жўнатишаётган эди. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида ўқийди. У аэропотнинг ўзида ҳибсга олиб, номаълум тарафга олиб кетилди. Шундан кейин бир неча одам ҳибсга олинди. Сўнгги маълумотларга кўра, 12 киши ҳибсга олинган. Лекин ҳибсга олинганлардан бирининг адвокатига кўра, уларнинг сони кўпроқ бўлиши мумкин. Ҳисбга олинганларнинг яқинларига улар билан учрашишга рухсат берилмаяпти”, - деди тошкентлик йигит.

Мазкур ҳолатни изоҳлаб беришни сўраб, “Озодлик” мухбири Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қўнғироқ қилди. Вазирлик маҳкамаси бошлиғи Анатолий Жўраевдан: “Менимча, сизга телефон қилган шахсга унинг дўсти ҳақиқатан ҳам ҳибсга олилган ва бу борада унинг эътирозлари бўлса, унга прокуратура органларига мурожаат қилишини тавсия қилишингиз мақсадга мувофиқ бўларди”, - дея жавоб олинди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова эса ўзида Тошкентда сўнгги бир неча кун ичида ҳибсга олинган мусулмонлар ҳақида маълумот йўқлигини билдирди.

Шунга қарамай, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ўтган ҳафтада Тошкентда ҳақиқатан ҳам кўплаб мусулмонлар ҳибсга олинганини тасдиқлашини маълум қилди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Андреа Берк ҳам бу ҳақда ўз манбаларидан маълумот олганини таъкидлади.

“Ўтган ҳафта чоршанбадан жумагача бир неча киши ҳибсга олингани ҳақида ўз манбаларимдан олган ахборотларим бор. Бу манбаларга кўра, чоршанба куни камида етти йигит ваҳҳобийликда айбланиб ҳибсга олинган, ва 11 кишидан иборат яна бир гуруҳ жума куни “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланиб ушланган. Биздаги исмларнинг баъзилари бугун Интернетда эълон қилинган маълумотлардаги билан бир хилдир. Шунингдек, бугун биз олган маълумотларга кўра, ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳисбга олишларидан бир киши қутулиб қолган. Бу киши билан ҳозирча боғлана олганимиз йўқ”, - деди А.Берк.
XS
SM
MD
LG