Линклар

БМТ миналардан огоҳлантиради

  • Ҳасанжон

БМТ Бош ассамблеяси қарори билан 4 апрель илк бор Миналардан огоҳ бўлиш куни сифатида нишонламоқда. Бундан кўзланган мақсад саксондан ортиқ давлатда минага учраш оқибатида йилига минглаб одам ҳалок бўлаётганига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратишдир.

БМТ маълумотига кўра, дунё мамлакатларида ерга кўмилган миналар портлаши оқибатида ҳар йили 15 мингдан 20 минггача одам ҳаётдан бевақт кўз юммоқда ёки умрбод мажруҳ бўлиб қолмоқда. Афғонистонда миналар ёки портламай қолган снарядлар портлаши оқибатида бир ойда 70 дан 100 тагача одам ўляпти ёки ногирон бўлиб қоляпти.

БМТнинг миналардан тозалаш дастурини амалга ошириш учун “HALO Trust” каби ташкилотларнинг минглаб мутахассиси Афғонистон ҳукумати билан яқиндан иш олиб бормоқда. Уларнинг асосий вазифаси миналар ва портламай қолган снарядларни топиш, уларни бир жойга тўплаш ва йўқ қилишдан иборат.

Фарид Ҳумоюн “HALO Trust” ташкилоти раҳбари.

“Биз ҳам Миналардан огоҳ бўлиш кунини нишонлаяпмиз. Биз Кобул шимолида жойлашган Деҳ Сабз туманидамиз. Афғонистон Мудофаа вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан бирга пиёда аскарларга қарши ишлатиладиган 368 та минани йўқ қилдик”, - дейди Ф.Ҳумоюн

Ҳозир Афғонистоннинг салкам уч мингта аҳоли пунктида яшовчи тўрт миллиондан ортиқ аҳолига миналар кундалик ҳаётда хавф солмоқда. БМТ маълумотига кўра, Камбожа, Колумбия ва Афғонистон ҳудудига дунё бўйича энг кўп миналар кўмилган.

БМТ расмийлари миналар хавфидан аввал тахмин қилинганидек ўн йилликлар давомида эмас, балки бир неча йил ичида қутулиш мумкинлигини айтмоқда. БМТ бош котиби Кофи Аннаннинг сўзларига кўра, агар донор давлатлар, кенг жамоатчилик ва ҳукуматлар бу борада олиб борилаётган ишларни давом эттирса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

2003 йилда Афғонистон миналардан фойдаланишни таъқиқловчи Оттава шартномасини имзолади. Мазкур келишувга мувофиқ, Афғонистон ҳукумати 2013 йилга қадар мамлакат ҳудудини миналардан тозалаши ва келаси йил охиригача қуролли гуруҳлар ҳукуматга топширган қуролларини йўқ қилиши керак бўлади.

Нурилла Хон толибларга қарши урушда минада портлаб, олти йил олдин оёғидан ажралган қўмондон. Хон Афғонистонни миналардан тозалаш ҳаётий аҳамиятга эга эканини айтади:

“Афғонистонда миналар бор экан, ҳаётимиз хавф остида қолаверади. Болалар ҳаёти хавф остида бўлади. Миналар нималигини билмайдиган хорижликлар бу ерга келса, улар ҳаёти ҳам хавф остида бўлади”.

Айтилишича, 1979 йилдан бери миналар ва портламай қолган снарядлар портлаши оқибатида Афғонистонда 100 мингга яқин одам нобуд бўлган ёки умрбод мажруҳ бўлиб қолган.
XS
SM
MD
LG