Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:45

Вашингтонда Марказий Осиё давлатлари иқтисодий алоқалари мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди


Марказий Осиёда жойлашган аксарият давлатларнинг нефт ва газ соҳасига кўплаб хорижий ширкатлар сармоя ётқизмоқда. Бироқ Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари иқтисодининг бошқа соҳаларига хорижликлар сармоя ётқизишга шошилаётгани йўқ. 4 апрел куни Вашингтонда “Марказий ва Жанубий Осиёда иқтисодий фаолиятни ривожлантириш” мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Унда халқаро молия ташкилотлари, АҚШ ҳукумати ташкилотлар вакиллари ҳамда тадбиркорлар қатнашди.

Вашингтон анжумани қатнашчилари фикрича, Марказий Осиё давлатлари иқтисодий фойда кўриши учун глобал шароит пишиб етилган. Айни пайтда, минтақа давлатлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ва бу жараёнда халқаро молия ташкилотларининг иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.

Анжуман қатнашчиларидан бири, Осиё тараққиёт банкининг Вашингтондаги идораси директор ўринбосари Брент Дарк Марказий Осиёда тижорат билан шуғулланиш шароитини яхшиланган аммо мукаммалликдан йироқ, дея бахолади:

“Юк машиналар ҳайдовчилари ва савдогарлар деярли ҳар куни ёпиқ йўлларга дуч келади. Майда тижорат билан шуғулланувчи тадбиркорлар эса янги бозор иқтисодиёти шароитида рақобатбардош бўлиш учун астойдил ҳаракат қиляпти. Туристик виза олишдек оддий бир иш кўп вақт талаб қиляпти”.

Брент Дарк Марказий Осиёда иқтисодий ривожланиш потенцияли катта эканини айтади:

“Хитой, Ҳиндистон ва Россия каби қўшни давлатлар жадал суръатда ривожланар экан уларнинг барчасида энергияга бўлган талаб ортади. Афғонистон орқали денгиз йўлига транзит қатнови кўпаяр экан минтақа ўзининг стратегик жойлашуви ортидан катта фойда кўриш имкониятига эга бўлади”.

Брент Дарк агар глобал иқтисодий муҳит ҳозиргидек қулай бўлса ва Марказий Осиё давлатлари иқтисодий соҳада ислоҳотларни давом эттирса, 2015 йилга қадар аҳоли жон бошига кўриладиган даромад икки баробар ошиши мумкин, деган фикрда. Айни пайтда, қашшоқлик даражаси 10 йил мобанида 40 фоиздан 25 фоизга камайиши мумкин. Осиё тараққиёт банкининг башорат қилишича, Марказий Осиё минтақаси асосан нефт ва газ экспорти ҳисобига ривожланади.

Шунингдек, “Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури” доирасида минтақага катта хорижий сармоя жалб этиш - Марказий Осиё давлатлари ривожланишидаги иккинчи муҳим омил бўлиши мумкин.

Афғонистон, Озарбайжон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғилистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари иштирокида 1997 йилда ташкил этилган дастурга, қатор халқаро молия ташкилотлари, хусусан Осиё тараққиёт банки, Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки, Исломий тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ҳамда БМТ Тараққиёт дастури қўшилган. Марказий Осиёдаги транспорт, энергетика ва савдо каби муҳим соҳаларда 2006 – 2007 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар учун шу дастур орқали бир ярим миллиард доллар маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Айни пайтда, Марказий Осиё давлатларини минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга фақат хориж давлатлар рағбатлантираётгани йўқ.

Вашингтондаги Қозоғистон элчихонасининг иқтисодий масалалар бўйича мутасаддиси Майнура Мурзамадиева Қозоғистон ҳукумати бу борада амалга ошираётган ишлар ҳақида Озодлик радиосига бундай деди:

“1999 йилдан 2004 йилга қадар Қозоғистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо ҳажми уч карра кўпайди. 2005 йилда турли соҳаларда Қозоғистон-Қирғизистон ўртасида тузилган ва фаолият юритаётган қўшма корхоналар сони 122тани, Қозоғистон-Ўзбекистон ўртасида 110тани, Қозоғистон-Тожикистон ўртасида 30тани ҳамда Қозоғистон-Туркманистон ўртасида тузилган қўшма корхоналар сони 12тани ташкил этди”.

Мурзамадиевага кўра, ҳозирда Марказий Осиёда лидер дея тан олинган Қозоғистон нафақат собиқ Совет республикалари, балки Афғонистон билан ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG