Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:06

Мирободликлар қурилишлардан безор


Тошкент шаҳрининг Миробод туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаро Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат йўллаб, туман раҳбариятини ерни тақсимлашда кишиларга қулайликни эмас, ўз манфаатини ўйлашда айблади.

Туман фуқароларини ғазаблантираëтгани шуки, ҳокимлик расмийларининг ер тақсимлаш жараëнларида ўзбошимчалик билан иш тутаëтгани ва фуқаролар қулайлиги ҳақида қайғурмаëтганидир. Хат муаллифлари эътирофича, йўлакларга ҳар хил савдо шахобчалари қуриб ташланган, натижада дорихона, мактаб, жамоат транспорти бекати ва бошқа ижтимоий объектларга олиб борадиган йўллар тўсиб қўйилган. Шу сабабдан кўп қаватли уйларда яшовчилар, асосан, кексалар бу каби ноқулайликлардан азоб чекмоқда.

58 ëшли Галина Селеванова Миробод туманида яшайди. “Озодликка” берган интервюсида у қуйидагиларни гапирди:

“Биз яшайдиган бино подъезди бир томондан милиция идораси билан тўсилган. Нариги томонда эса уй-рўзғор моллари дўкони қад кўтарган. У ерда ҳам девор бор. Учинчи тарафда ҳам узун девор кўтарилган. Тўртинчи томондаги девор эса, худога шукр, олиб ташланди. Ҳозир ҳокимлик у ерда қандайдир майдонча қуряпти, аммо қандай майдонча қураëтганини айтмаяпти. Биз эса бу жой яшил ҳудудли болалар майдончаси бўлишини истаймиз”.

Миробод тумани ҳокими Азиз Тўраев билан хатда кўтарилган муаммоларга изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Ходимлари ҳоким хизмат сафарига эканини билдирди.

Президентга мана шу очиқ хатни ёзиш кампанияси муаллифи Ольга Краснова ҳам ҳоким билан учрашишнинг ҳозирга қадар иложи бўлмагани ва бу борадаги тинимсиз уринишлари ҳеч қандай самара бермаганини айтди.

“Биз 3 йилдан буëн мавжуд муаммолар ҳақида қайғуриб келамиз. Бурун биз яшайдиган бино олдида тери касалликлари диспансери ва “Метролойиҳа” институтига қарашли бинолар қад кўтарган эди. У ерда фаолият юритадиганлар яшовчиларга халақит бермасди. Кейин эса бирданига қурувчилар пайдо бўлиб, ушбу биноларни бузиб ташлади ва улар ўрнига милиция идораси жойлашди. Ҳозир эса эрталабдан итларнинг акиллаган овози, милициянинг йиғилиши тинчликни бузмоқда. Милиция идораси биз яшайдиган бинодан 9 метр нарида жойлашган. Ахир, мумкинми шундай қилиш”, - дейди О.Краснова.

О.Краснова шунча елиб-югураëтганингиз ўз самарасини беришига ишонасизми, деган саволга жавоб қайтариб: “Биласизми, ҳукуматимиз виждонсиз, халқимиз эса ҳуқуқсиздир”, - деди.
XS
SM
MD
LG