Линклар

Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожланиши ўз қўлида

  • Ҳасанжон

Вашингтонда “Марказий ва Жанубий Осиёда иқтисодий фаолиятни ривожлантириш” мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Унда халқаро молия ташкилотлари, АҚШ ҳукумати вакиллари ҳамда тадбиркорлар қатнашди.

Анжуман қатнашчилари фикрича, Марказий Осиё давлатлари иқтисодий фойда кўриши учун глобал шароит пишиб етилган. Айни пайтда минтақа давлатлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ва бу жараёнда халқаро молия ташкилотларининг иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.

Анжуман қатнашчиларидан бири, Осиё тараққиёт банкининг Вашингтондаги идораси директори ўринбосари Брент Дарк Марказий Осиёда тижорат билан шуғулланиш шароити “яхшиланган, аммо мукаммалликдан йироқ” эканини таъкидлади.

“Юк машиналари ҳайдовчилари ва савдогарлар деярли ҳар куни ёпиқ йўлларга дуч келади. Майда тижорат билан шуғулланувчи тадбиркорлар эса янги бозор иқтисодиёти шароитида рақобатбардош бўлиш учун астойдил ҳаракат қиляпти. Сайёҳлик визаси олишдек оддий иш кўп вақт талаб қиляпти”, - деди Б.Дарк.

Брент Дарк Марказий Осиёда иқтисодий ривожланиш потенцияли катта эканини маълум қилди.

“Хитой, Ҳиндистон ва Россия каби қўшни давлатлар жадал суръатда ривожланар экан, уларнинг барчасида энергияга бўлган талаб ортади. Афғонистон орқали денгиз йўлига чиқиш баробарида транзит қатнови кўпайган сари минтақа стратегик жойлашуви ортидан катта фойда кўриш имкониятига эга бўлади”, - фикрини давом эттирди Б.Дарк.

Брент Дарк агар глобал иқтисодий муҳит ҳозиргидек қулай бўлса ва Марказий Осиё давлатлари иқтисодий соҳада ислоҳотларни давом эттирса, 2015 йилга қадар аҳоли жон бошига кўриладиган даромад икки баробар ошиши мумкин, деган фикрда. Шу билан бирга, қашшоқлик даражаси 10 йил мобанида 40 фоиздан 25 фоизга камайиши мумкин. Осиё тараққиёт банкининг башорат қилишича, Марказий Осиё минтақаси, асосан, нефть ва газ экспорти ҳисобига ривожланади.

Шунингдек, “Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури” доирасида минтақага катта хорижий сармоя жалб этиш Марказий Осиё давлатлари ривожланишидаги иккинчи муҳим омил бўлиши мумкин.

Афғонистон, Озарбойжон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари иштирокида 1997 йилда тузилган мазкур дастурга бир неча халқаро молия ташкилотлари, хусусан, Осиё тараққиёт банки, Европада тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ҳамда БМТ Тараққиёт дастури қўшилган. Марказий Осиёдаги транспорт, энергетика ва савдо каби муҳим соҳаларда 2006 – 2007 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар учун шу дастур орқали бир ярим миллиард доллар маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Марказий Осиё давлатларини минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга фақат хорижий мамлакатлар рағбатлантираётгани йўқ.

Қозоғистоннинг Вашингтондаги элчихонаси иқтисодий масалалар бўйича мутасаддиси Майнура Мурзамадиева ўз мамлакати бу борада амалга ошираётган ишлар ҳақида “Озодлик” радиосига бундай деди:

“1999 йилдан 2004 йилга қадар Қозоғистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо ҳажми уч карра кўпайди. 2005 йилда Қозоғистоннинг турли соҳаларда Қирғизистон билан тузган ва фаолият юритаётган қўшма корхоналари сони 122 тани, Ўзбекистон билан 110 тани, Тожикистон билан 30 тани ҳамда Туркманистон билан қўшма корхоналари сони 12 тани ташкил этди”.

М.Мурзамадиева сўзларига кўра, ҳозир Марказий Осиёда “лидер сифатида тан олинган” Қозоғистон нафақат собиқ совет республикалари, балки Афғонистон билан ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG