Линклар

Жумадурди Авезов: “Ҳақиқатни айтишга халқнинг ҳоли йўқ”

  • Абдулла Искандар

“Озодлик” радиосининг Туркманистондаги ҳибсга олинган мухбирлари Мерет Ҳоммадов ва Жумадурди Авезов билан улар қамоқдан озод бўлгандан кейин узилиб қолган алоқа яна тикланди.

Аввалига Ж.Авезов ўзининг ҳибсга олиниш тафсилотларига тўхталди.

“Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва полиция капитани мени уйимдан олиб кетди. Қамоқхонада “Озодлик”нинг яна бир мухбири М.Ҳоммадовни кўриб қолдим. У ҳам тилидан балога қолиб, шу ерга олиб келинганини билдирди. Овчидан қочиб кетаëтган икки тулкининг бири энди қаерда учрашимиз, деб сўраганда, иккинчиси этикдўзнинг уйида, деб жавоб берган экан. Биз ҳам икки мухбир қамоқда учрашдик”, - дейди Жумадурди оға.

Ж.Авезов мамлакат расмийлари ҳақ сўздан қўрқишини, шунинг учун тиз чўкиб, тилини ичига ютиб ётгандан кўра, тик туриб, ҳақиқатни ҳукуматнинг юзига айтиш афзаллигини таъкидлади.

“Ҳақиқатда халқнинг аҳволи жуда оғир. Ишсизлик, йўқсиллик. Одамлар қандай қилиб қозон қайнатишни билмайдиган бир мушкул аҳвол. Телевизорда мақтаган, газетада ëзган билан ҳаëт зўр бўлиб қолмайди”, - деди Ж.Авезов.

Журналист “ҳақиқатни халқ айтиши кераклиги, аммо айтишга ҳоли йўқлигини” билдирди.

Туркманистондаги вазият халқаро майдонда ҳам ташвиш уйғотяпти. Жумладан, яқинда Халқаро Хелсинки федерацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббус гуруҳи Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига йўллаган мактубида Туркманистондаги ҳозирги вазият масаласини ЕХҲТ доимий кенгаши йиғилиши кун тартибига киритишга чақирди.
XS
SM
MD
LG