Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:41

Қозоқ ёшларининг меҳри қуролга тушяпти


Жанубий Қозоғистонда ёшлар ўртасида жиноятчилик тобора урчиб боряпти. Гуруҳ бўлиб муштлашиш, талончилик, ўғирлик “босқичи”дан ўтган ўсмирлар ўртасида қурол ёрдамида жиноят содир этиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Вилоят ички ишлар департаменти бошлиғи Қурбонбек Ортиқбоев Жанубий Қозоғистонда жорий йилнинг уч ойида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча ошганини яширмайди.

“Ўтган йил билан солиштирганда биргина Туркистон шаҳрида вояга етмаганларнинг жиноятга қўл уриши 20 тага кўпайган. Вилоятда ўсмирлар томонидан танага оғир жароҳат етказиш ҳолатлари анча ошган. Бугунги кунда ўқувчилар мактабга китоб ўрнига қурол олиб боришни одат қиляпти. Ўтган уч ой давомида чимкентлик икки мактаб ўқувчисининг қурол сақлагани аниқланди. Ўтган йили чимкентлик мактаб ўқувчилари томонидан 7 киши ўлдирилганди”, - деди Қ.Ортиқбоев.

Ички ишлар департаменти бошлиғи вилоятда ўсмирлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича полиция билан таълим соҳаси вакиллари ҳамкорлиги ҳеч қандай натижа бермаётганини тан олди.

Жанубий Қозоғистон таълим департаменти бошлиғи Ергали Сармонов ўсмирлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун бир қанча тадбирлар амалга оширилаётганини билдирди.

“Бироқ белгиланган тадбирларнинг натижаси сезиларли бўлмаяпти. Маҳаллий телеканалларда намойиш этилаётган зўравонлик, босқинчилик, қурол ишлатишни тарғиб қилувчи фильмларнинг ёшларга таъсири катта”, - деди Е.Сармонов.

Е.Сармоновнинг таъкидлашича, мактабларда педагог-психолог вазифасида ишлаётганларнинг кўпчилиги умуман бошқа соҳа вакиллари бўлиб, улар болалар психологияси бўйича ҳеч қандай билимга эга эмас. Масалан, Мақтаорол туманидаги 86 педагог-психологнинг атиги 18 таси шу соҳа вакили. Кўпчилик мактаб директорлари бу лавозимга педагогикага алоқаси бўлмаган соҳалардан келиб қолган.

Вилоятнинг Кентов шаҳрида тарбияси оғир болалар интернати фаолият кўрсатмоқда. Бироқ бу ерга жойлаштирилган ўсмирларнинг тарбияси яхшиланиш ўрнига ёмонлашмоқда. Кейинги пайтларда мазкур интернатга жойлаштирилган болаларнинг қайта-қайта жиноят содир этиш ҳолатлари кузатиляпти.

Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга бағишлаб вилоят ҳокимлигида ўтказилган махсус йиғилишда соҳа мутасаддилари мактаб ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун тўгараклар сонини кўпайтиришни таклиф қилди. Шунингдек, тарбияси оғир болаларни спорт тўгаракларига мажбуран қатнаштириш шарт, деган хулосага келинди.
XS
SM
MD
LG