Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:13

Жорж Буш яна бир айбловга учради


АҚШ президенти Жорж Буш ўз маъмурияти Саддам Ҳусайн солаётган таҳдидни уч йил давомида бўрттириб кўрсатгани ва Ироққа қарши уруш бошлаш ҳақида тўғри қарор қабул қилганини исботлаш учун махфий маълумотларни қонунга зид равишда оммага ошкор этгани ҳақидаги айбловни рад этди.

Мухолифатдаги Демократик партия аъзолари Жорж Бушни иккиюзламачиликда айбламоқда. Чунки Буш махфий разведка маълумотлари оммавий ахборот воситаларида босилганини қоралаб, масъул шахсларни жавобгарликка тортишга ваъда берган эди.

2003 йил сентябр ойидаги чиқишларидан бирида Буш: “Агар маъмуриятимдан махфий маълумотлар оммага ошкор бўлган бўлса, мен бу ишни ким қилганини билишни хоҳлайман. Агар ўша шахс қонунни бузган бўлса, биз унга нисбатан тегишли чора кўрамиз”, - деганди.

АҚШ суди вице-президент Дик Чейнининг собиқ ёрдамчиси Луис Либби Марказий разведка бошқармаси махфий агенти исмини қонуний ёки ноқонуний ошкор қилгани юзасидан тергов олиб бормоқда.

5 апрель куни мазкур суд Либби айтганларга асосланиб бир неча ҳужжатларни эълон қилди. Либбининг айтишича, президент Буш Ироққа қарши уруш бошлаш ҳақидаги қарорини оқлаш ва бу борада ўз танқидчиларини обрўсизлантириш мақсадида Ироқ ҳақидаги ўта махфий разведка маълумотларини оммага ошкор этишга кўрсатма берган.

Суднинг Л.Либби айтганларига асосланиб эълон қилган ҳужжатларида билдирилишича, Дик Чейни Либбига Ироқ оммавий қирғин қуроли яратиш учун уран қидираётгани тўғрисидаги маълумот оммага ошкор этилиши тўғрисида президент Буш буйруқ берганини айтган. Шундан сўнг Либби махфий маълумотларни “The New York Times” газетаси мухбирига етказган.

Сенатор Чарлз Шумер президент Буш ва вице-президент Дик Чейни бу айбловлар бўйича халққа тушунтириш бериши кераклигини таъкидлади.

“Президент Буш ва вице-президент Дик Чейни Америка халқига махфий маълумотлар оммага ошкор этилишига алоқадор ёки алоқадор эмасликларии тўғрисида тўлиқ маълумот бериши керак. Улар махфий маълумотларни ошкор этиш ҳуқуқига эгами? Агар улар шу ҳуқуққа эга бўлса, қандай вазиятда бу ҳуқуқдан фойдаланишга рухсат этилган? Ёки бу президентнинг бир лаҳзалик сиёсий эҳтиёжини қондириш учун қилинган ишми”, - деди сенатор.

Оқ уй Л.Либби берган кўрсатмаларга ҳозирча муносабат билдиргани йўқ. Айтилишича, АҚШ президенти махфий маълумотларни оммага ошкор этиш ҳуқуқига эга. Аммо ҳамма баҳс бу иш қонунга тўла риоя қилинган ёки риоя қилинмаган ҳолда бажарилганини аниқлаш устида бормоқда.

Махфий маълумотлар атрофида кўтарилган жанжалсиз ҳам сўнгги пайтларда президент Бушнинг америкаликлар ўртасидаги обрўси пасайиб бораётгани кузатилаётган эди.

Пайшанба куни эълон қилинган охирги сўров натижаларига кўра, Жорж Бушни Америка фуқароларининг атиги 36 фоизи қўллаб-қувватламоқда. Бушнинг ташқи сиёсатини америкаликларнинг 40 фоизи, Ироқ урушини эса 35 фоизи маъқуллаяпти.

Агар Бушнинг ҳозирги паст рейтинги Республикачилар партиясига таъсир этса, ноябрь ойида ўтказиладиган сайловда демократлар Конгрессдаги кўпчилик ўринни эгаллаши мумкин. У ҳолда демократлар етакчилигидаги Конгресс Оқ уй маъмурияти томонидан Ироқ урушидан олдин разведка маълумотлари бўрттириб кўрсатилгани ва Марказий разведка бошқармаси ходими исми оммага ошкор этилгани юзасидан янги текширув бошлаши мумкин.
XS
SM
MD
LG