Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:34

Жанубий қозоғистонликлар Ўзбекистонда даволанишни афзал билади


Кейинги йилларда Жанубий Қозоғистон аҳолиси орасида турли касалликларнинг асоратли турлари кўпаяётганини кузатиляпти. Аммо аҳоли тиббий хизматдан қониқаётгани йўқ.

“Болалар орасида касаллар кўп. Катталар ўртасида ўт халтаси хасталиклари, қон босими, анемия кўпайиб кетган. Тиббий хизмат умуман йўқ деса ҳам бўлади. Врачларнинг малакаси паст. Барча тиббиёт масканлари пуллик. Президент фармонига кўра, ёш болалар бепул даволаниши лозим. Лекин бу ҳам пуллик”, - дейди қорабулоқлик Раҳимтой Бегалиев.

Сайрам тумани туғруқхонаси ҳамшираси Жамила Абдураимова сўзларига кўра, кимнинг пули бўлса, ўшанга тиббий хизмат кўрсатилади.

“Агар ҳомиладор аёлнинг уйидагилар яхши пул тўласа, туғиш жараёнида унга тиббий хизмат кўрсатилади. Агар пул мўлжалдагидан кам бўлса, аёлга эътибор ҳам шунга яраша бўлади. Ҳатто даҳлизда турган ҳолида ҳам туғиб қўйганлар бўлган”, - дейди ҳамшира.

Замонавий тиббий хизматнинг қимматлиги боис, жанубий қозоғистонликларнинг аксарияти халқ табиблари хизматини маъқул кўряпти.

“Нонини зўрга топиб еяётганлар бор, улар дори-дармонга пулни қаердан олсин. Яқинда пули йўқ бир аёл саратондан ўлиб кетди. Шифохоналар қиммат бўлгани учун одамлар табибга боради. Чунки эскича даволаш арзонга тушади”, - дейди Ж.Абдураимова.

Унинг айтишича, Қозоғистонда инсон саломатлигига жуда кам эътибор қаратилади.

Вилоят сил касалликлари шифохонаси бош врачи ўринбосари Тўлахўжа Тожихонов эса мамлакатда тиббий хизмат талаб даражасида эканини билдирди.

”Тиббий хизмат кўрсатиш учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратилган. Масалан, бизнинг шифохонада дори-дармонлар, озиқ-овқат давлат таъминотида. Сил касалига чалинган айрим беморлар даволанишни истамаса, уларни мажбурлаб даволаш ҳам йўлга қўйилган”, - деди Т.Тожихонов.

Мазкур шифохонада бир йилда юзга яқин бемор мажбуран даволанади. Сил касаллиги кўрсаткичлари вилоятда ижобий аҳволда. Бироқ мамлакатнинг Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Ғарбий Қозоғистон ва Қарағанда вилоятларида сил касаллигидан ўлиш ҳолатлари кўплаб учрайди.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда 80 мингга яқин киши сил касаллиги бўйича диспансерда рўйхатда туради. 2005 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 1687 киши силдан вафот этган.

Мамлакатда онкологик касалликлар ҳам кўпайиб бормоқда. Маълумотга кўра, саратон Шарқий Қозоғистон вилоятида энг кўп тарқалган. Кейинги йилларда Қозоғистонда ОИТС билан оғриган беморлар сони ҳам ошиб бораётгани қайд этилган. Мамлакат бўйича 6000 га яқин кишида ВИЧ инфекцияси аниқланган. ОИТСга чалинган 300 дан зиёд киши рўйхатга олинган.

Кўпчилик онкологик, эндокринологик касалликлар кўпайиш сабабларини экологик шароит ёмонлигидан, ичимлик сув муаммосидан кўрмоқда.

Маълум бўлишича, жанубий қозоғистонликларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга бориб даволанишни маъқул кўради.

“Тошкентга бориб даволанамиз. Чунки у ерда бизга нисбатан анча арзон ва тиббий хизмат даражаси ҳам нисбатан юқори”, - дейди қорабулоқлик Р.Бегалиев.

Қозоғистонда бойваччалар Европа давлатларига бориб ҳам даволанади. Аммо камбағаллар на Ўзбекистонга, на Европага бора олади. Уларнинг бутун умиди табибдан.
XS
SM
MD
LG