Линклар

Ўзбеклар Россия элчихонасини пикет қилди

  • Озодлик

7 апрель куни Россия Федерациясининг Украинадаги элчихонаси биноси инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари ҳамда ўзбекистонлик ўттиздан ортиқ қочқин ва муҳожир томонидан пикет қилинди.

Пикет иштирокчилари Россия ҳудудида ҳибсга олинган ва юртига экстрадиция қилинган ўзбекистонликлар сони кўпайиб бораëтганидан хавотир билдирди ва Москва расмийларидан бу каби ишларга чек қўйишни талаб қилди.

Пикет ташкилотчиларидан бири, Ўзбекистоннинг “Бирлик халқ ҳаракати” партияси вакили Исмоил Дадажонов тадбирдан мақсад “Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида юрган ўзбекистонлик қочқинларнинг юртига экстрадиция қилиниши олдини олиш, шунингдек, Тюменда ҳибсда сақланаётган Ўзбекистон фуқароси Байрамали Юсуповга (суратда) ҳамжиҳатлик билдириш” эканини таъкидлади.


Шу ўринда И.Дадажонов тилга олган Б.Юсупов ҳақида икки оғиз.

Қашқадарёлик 27 ёшли Байрамали Юсупов уни диний ва экстремистик ташкилотларга аъзоликда айблаётган Ўзбекистон ҳукумати талаби билан 2005 йил 31 августдан буён Тюмень тергов изоляторида сақланмоқда. Айни пайтда уни Тошкентга экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқиляпти.

Б.Юсупов Россияга келиши билан ўзига қочқин мақоми берилишини сўраб, ҳужжат топширган эди. Кейинчалик қочқин мақоми бермагани боис, Б.Юсупов миграция хизмати устидан судга арз қилган, суд унинг даъвосини қондирмаганди.

Айрим кузатувчилар эътирофича, Россия ҳукуматининг ўзбекистонлик қочқинларга нисбатан ҳаракатлари ушбу мамлакат қонунлари ва БМТнинг қочқинлар тўғрисидаги конвенциясига зиддир.

Андижонлик Улуғбек Зайнобиддинов ҳам Укранинада юрган қочқинлардан бири. У “Озодлик” мухбири билан суҳбатда юртига депортация қилинган ўзбекистонликлар тақдири унинг ҳам бошига тушишидан хавотирдалигини айтади.

“МДҲ ҳудудида юрган ўзбекистонликлар хавфсизлиги учун кафолат йўқ. Уларнинг ҳар бири қўрқиб яшайди. Ҳаммамиз бизни қўлга олиб, Тошкент ихтиëрига топшириб юборишларидан қўрқамиз”, - дейди У.Зайнобиддинов.
XS
SM
MD
LG