Линклар

“Мемориал” рўйхатида кўп нарса бор


Басира Москвадаги “Мемориал” маркази Ўзбекистонда сиёсий ва диний айблар бўйича судланганлар ва ҳибсга олинганлар, шунингдек, Андижон воқеалари боис қидирувга берилганлар ва ушбу фожеаларда ҳалок бўлганлар рўйхатини эълон қилди.



213 бетдан иборат рўйхатга 2004 йил январдан 2005 йил декабргача қўлга киритилган маълумотлар киритилган.

Рўйхатнинг 95 фоизини турли диний ташкилотларга аъзоликда айбланганлар ташкил этади. Улардан 166 нафари “Ҳизб ут-таҳрир”, қолганлари акрамия, ваҳҳобийлик ва “Жамоати таблиқ” ташкилотига, 142 таси Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланган.

“Мемориал” маркази раҳбари Виталий Пономарёв бу нашрда 2004-2005 йилларда “қатағонга учраган” 875 кишининг исми келтирилганини билдирди.


“Биз бу рўйхатни тайёрлаш жараёнида расмий ҳужжатларни олишга ҳаракат қилдик. Айтиш жоизки, рўйхатдаги маълумотларнинг 4 дан 3 қисми ҳужжатлар билан тасдиқланган”, - деди В.Пономарёв.

Унинг таъкидлашича, сиёсий айблар бўйича айбланганлар орасида аёлларнинг кўпайгани бу рўйхатнинг аввалгиларидан ажралиб турадиган жиҳатидир. Бу галги рўйхатда “сиёсий айбловлар билан қатағон қилинган” 70 аёл киритилган.

Инсон ҳуқуқлари институти ижрочи директори Валентин Гефтер мазкур нашрда 13 май куни рўй берган воқеалар суратлар ёрдамида акс эттирилган бўлмаса-да, фамилиялар ва ҳалок бўлганлар сони бўйича “холис ахборот” берилганини таъкидлади.

“Россияда “Ҳизб ут-таҳрир” ва бошқа диний ташкилотларга аъзоликда айбланаётган ўзбекистонликларнинг ишлари Москва расмий Тошкентнинг йўриғига юраётганини кўрсатади. Россияда юрган Ўзбекистон фуқароларининг диний қарашлари учун айбланиши бўйича жиноят ишлари сўнгги икки йил ичида мисли кўрилмаган даражада кўпаймоқда”, - деди В.Гефтер.

“Мемориал” маркази чоп этган рўйхатга илк бор расмий Тошкент Андижон воқеаларида ҳалок бўлганини айтган 187 фуқаронинг номлари киритилган.

В.Пономарёв Ўзбекистон ҳукумати шу пайтгача бу рўйхатни эълон қилмагани сабабини қуйидагича изоҳлади: “Рўйхат ҳисобга киритилмаган қурбонларнинг борлигини билдириб қўяр эди. Биз бу рўйхатни жиноят ишларининг биридан олишга муваффақ бўлганимизда унинг ғалати эканини сездик. Масалан, унда қурбонларни террорчи ва террорчи бўлмаганларга бўлиш ҳолати бор. Террорчилар орасида мен уч аёлнинг исми борлигини кўрдим. Кейин аниқланишича, бу аёллар Тешиктош олдида ҳукумат аскарлари ўқидан ҳалок бўлган экан. Тешиктошда ўлганларнинг ҳаммаси терорчилар рўйхатига киритилган экан”.

Нашрнинг сўнгги 6 варағида 13 май воқеалари бўйича қидирувга берилган шахсларнинг фотожадвали берилган.

Мазкур нашр бепул тарқатилмоқда. Яқин кунларда унинг инглиз тилидаги нусхаси ҳам чоп этилиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG