Линклар

ЕИга Марказий Осиёга нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқиш тавсия этилди

  • Замира Шукур

Маркази Брюсселда жойлашган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи “Марказий Осиë: Европа Иттифоқи учун қандай рол ажратилган” номли янги ҳисоботини эълон қилди.

ЕИни Марказий Осиëдаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатиш имконини қўлдан бой бераëтганликда айблаган халқаро гуруҳ ташкилотга бу минтақага нисбатан ўз сиëсатини қайта кўриб чиқишни тавсия қилади.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи Осиë дастурлари директори, ҳисобот мувофиқлаштирувчиси Роберт Темплернинг сўзларига кўра, ЕИ Марказий Осиёга эътибор қаратмаяпти. Минтақада ЕИ расмийлари ва ваколатхоналари йўқ ҳисоби. Марказий Осиëга рисоладагидай маблағ ажратилмаяпти, ажратилгани ҳам керакли мақсадларга сарфланмаяпти. Ëрдам дастурлари Марказий Осиëдаги иқтисодий воқеликдан келиб чиқиб ҳозирланмаган.

“Шу пайтга қадар ЕИ пуллари оддий одамларга фойда келтириш ўрнига ҳукумат расмийларига маслаҳат беришгагина сарфланди”, - дейди Р.Темплер.

Унинг таъкидлашича, ЕИ Марказий Осиёга нисбатан аниқ стратегияга эга эмас. Демократия, инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий вазиятга нисбатан ҳозиргача мутаносиб бир ëндашув ишлаб чиқилмаган. Бу муаммолар билан мунтазам ва муносиб тарзда шуғулланиш керак ва шундагина вазиятга ижобий таъсир кўрсатишнинг тўғри йўлларини ишлаб чиқиш мумкин. Халқаро гуруҳ ҳисоботида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

“Бугун дунë жуда кичик майдонга айланди ва Европа Иттифоқи Марказий Осиë ўз эшиги олдида бўлмагани учунгина бу минтақани эътиборсиз қолдира олмайди. Аслида бу минтақа иттифоқ чегараларидан кўп ҳам узоқ эмас. Хавфсизлик борасидаги таҳдидларга келганда географиянинг белгиловчи эмаслигини Афғонистон ëки бугун Ироқ ва Эрон кўрсатмоқда. Бу мамлакатлардаги вазият таъсири ЕИда ҳам сезилмоқда. Халқаро масалаларга бундай ëндашув болаларча инжиқликдан бошқа нарса эмас”, - деди Р.Темплер.

Р.Тепмлернинг фикрича, ЕИ расмиятчиликка берилган суст ҳаракатланувчи тузилма бўлгани боис, унинг Марказий Осиëга нисбатан сиëсати йўналишини ўзгартириш ўта қийин. Бунинг учун, биринчи галда, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилиши лозим. Сўнгра ЕИ минтақага ажратилаëтган маблағни кўпайтириши, ëрдам дастурларини воқеликдан келиб чиққан ҳолда тузиши талаб этилади. Минтақадаги ЕИ расмийлари сони кўпайтирилиши ва бу минтақани тушуниш йўлга қўйилиши зарур.

“Қолаверса, Туркманистон ва Ўзбекистон каби ўта ëпиқ ва репрессив давлатлар билан қандай ишлашга оид махсус ëндашув ишлаб чиқилиши керак”, - дейди Р.Темплер.
XS
SM
MD
LG