Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:44

Ричард Баучер: “Каримов режими ўз репрессив сиëсатини ўзгартирмас экан, АҚШнинг Тошкентга нисбатан муносабати яхшиланмайди”


Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи Европа Иттифоқини Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан сиëсатини фаоллаштиришга чорлаётган бир пайтда АҚШнинг минтақага қизиқиши ошиб бораëтгани ҳеч кимга сир эмас.

Буни юқори даражали Вашингтон расмийларининг МО пойтахтларига қилаëтган сафарларидан ҳам билса бўлади.

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райснинг ўтган йил октябрь ойида Марказий Осиëга қилган сафаридан сўнг минтақага АҚШнинг бир қанча сенатор ва конгрессменлари, шунингдек, Давлат департаменти расмийлари ташриф буюрди. Аммо уларнинг бари Ўзбекистонни бу сафар доирасидан яккалаб қўймоқда. Куни-кеча АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ëрдамчиси Ричард Баучер ҳам Қозоғистон ва Қирғизистонга ташриф буюрди. Гарчи Р.Баучер Ўзбекистонни четлаб ўтган бўлса-да, Ўзбекистондаги вазият, Ислом Каримов ҳукумати сиëсатига муносабат билдириш имконини қўлдан чиқармади.

Бишкекда мухбирлар билан учрашган Р.Баучер АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида Андижон воқеаларидан сўнг бошланган кескинлик даражасидан туриб гапирди.

“Тошкент ҳукумати Ўзбекистондаги ташкилотлар билан ишлашни ниҳоятда оғирлаштирмоқда. Режим маҳаллий ноҳукумат ташкилотларни ëпиб бўлди, биз билан ишлаган ташкилотлар тақиққа учради. БМТга қарашли ташкилотлар ҳам ëпилди. Биз стипендиялар таклиф этаëтган одамларнинг Америка билан ишлашига, стипендияларга лойиқ номзодларни топиб, синовдан ўтказадиган мутахассисларимизнинг Ўзбекистонда ишлашига рухсат йўқ. Буларнинг бари ëпиб қўйилди”, - деди Р.Баучер.

“Каримов режими ўз репрессив сиëсатини ўзгартирмас экан, АҚШнинг Тошкентга нисбатан муносабати яхшиланмайди, - деди сўзида давом этиб дипломат. - Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларига нисбатан даҳшатли зўравонлик қўллаган Андижон қирғинидан кейин биз нима иш қилишимиз мумкинлигини билмай қолдик. Биз ўз фуқароларини қирғин қилган ҳукуматни қўллаш фикридан йироқмиз ва агар Тошкент режими шу усулда ҳаракат қилаверса, Ўзбекистон фуқаролари билан ҳам ишлаш имконларидан маҳрум бўламиз. Вазият ўта оғирлашиб бормоқда”.

Р.Баучер ўз ҳукумати ўқларидан қочиб, Қирғизистонга ўтган андижонликлар ҳаëтини сақлаб қолгани учун Бишкек ҳукуматига миннатдорлик билдирди ва Ўш тергов изояторида қолаëтган ўзбекистонлик тўрт қочқинни Тошкент қўлига топширмасликни сўради.




“Қирғиз ҳукумати хатти-ҳаракатлари туфайли 400 дан ошиқ ўзбекистонлик қочқин хавфсиз ҳаëтга эришди. Босимларга қарамай, Бишкек раҳбариятининг қочқинлар ҳаëтини ҳимоя қилганини биз мардона ҳаракат сифатида баҳолаймиз. Аммо Қирғизистон ҳибсхонасида яна камида тўрт қочқин қолмоқда ва уларга ҳам мамлакатдан чиқиб кетиш имкони берилмоғи керак. БМТ уларга қочқин мақоми берган экан, уларнинг қочқинлар ҳуқуқидан фойдаланишга имкон берилиши керак”, - деди Р.Баучер.
XS
SM
MD
LG