Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:36

ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати ўзгаришига умид кам


Европа Иттифоқини Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан суст сиёсат юргизаётганликда айблаган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи бу камчиликни тузатиш учун ўз тавсияларини ҳам билдирмоқда.

Халқаро гуруҳнинг Осиë дастурлари директори Роберт Темплернинг сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда фаолият юргизиш ниҳоятда оғирлигини кўпчилик тушунади.

“Шунга қарамай, ҳозиргидек оғир шароитда ҳам ишлаш имкониятлари бор. Масалан, ЕИ матбуот соҳасида, хусусан, ахборотнинг оддий ўзбекистонликларга етиб бориши борасида конкрет ишлар қилиши мумкин. Иттифоқ, шунингдек, ўзбекистонлик ëшларнинг айрим Марказий Осиë ва Европа давлатларида таълим олишига ëрдам бериши, аҳолининг камбағал табақалари учун соғлиқни сақлаш борасида инсонпарварлик дастурлари ишлаб чиқиши мумкин. Аммо бу ишларни қилиш учун изчиллик, маблағ ва сиëсий хоҳиш бўлмоғи шарт. ЕИ Тошкентга ўз репрессив сиëсатини давом эттираверса, Иттифоқ билан муносабат олиб боришнинг иложи йўқлигини очиқ кўрсатиши лозим”, - дейди Р.Темплер.

Хўш, ЕИдан Р.Темплер тилга олган каби Марказий Осиëга нисбатан сиëсатини фаоллаштириш, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан махсус стратегия ишлаб чиқишни кутиш қанчалар реал?

АҚШнинг “Фридом ҳауз” ташкилоти Европа дастурлари директори Кристи Евенсоннинг таъкидлашича, бундай тавсиялар ЕИнинг МОга нисбатан сиëсатига деярли таъсир кўрсата олмайди.

“Бўҳронларнинг олдини олиш гуруҳи ЕИ олдига қўяëтган тавсиялар билан ЕИнинг МОдаги фаолияти жонланишини кутиш қийин. Чунки МОнинг уйқудаги дев ëки иттифоқ чегаралари яқинидаги беқарорлик ўчоғи экани ҳақида бошқалар ҳам гапириб келмоқда. МОнинг яқин келажакда ЕИ энергетика хавфсизлиги учун муҳим минтақага айланиши ҳам янги гап эмас ва буни Иттифоқ давлатларининг ўзлари ҳам яхши билади. Уларнинг Қозоғистон ва Туркманистон билан ëнилғи келишувлари имзолаëтгани айнан шуни кўрсатмоқда”, - деди К.Евенсон.

Қарийб 10 йилдан бери “Озодлик” радиосининг ЕИ бўйича шарҳловчиси бўлиб ишлаëтган Аҳто Лобякас кейинги йилларда Иттифоқнинг бу минтақага нисбатан қизиқиши сезиларли равишда ошгани, аммо ўтган йили Ўзбекистонда юз берган воқеалар ишни оғирлаштирганини айтади.



“Европа Иттифоқи минтақага сарфлаëтган маблағни кўпайтираëтган ва Марказий Осиë учун узоқ муддатга мўлжалланган дастурлар кераклигини англаб етаëтган эди. Аммо минтақа, хусусан, Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан кейин кескин ўзгариб кетган шароит Брюсселдагилар учун ëз куни ëққан қордек кутилмаган бўлди ва бу жараëнни мураккаблаштириб юборди”, - дейди Аҳто Лобякас.

Хўш, ЕИ Ўзбекистондаги вазиятга Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи тавсиялари доирасида таъсир қилиш имконига эгами?

К.Ивенсоннинг фикрича, Ўзбекистонга нисбатан ЕИ таклиф қилиши мумкин бўлган попукқанд ва қамчин, яъни мукофот ва жазо имконияти ниҳоятда чекланган. Брюсселдагиларнинг Ўзбекистон ҳукуматига таъсир усуллари буткул йўқолмаслиги учун расмий Тошкент билан алоқа даричасини очиқ қолдириш керак, деган ëндашувни тушунса бўлади. Аммо Ўзбекистон билан ишлашда изчиллик белгиловчи жиҳат экани ҳақидаги ҳисоботда келтирилган тавсияга тўлиқ қўшилиш мумкин. Масалан, Европа кенгаши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақида кескин баëнот берар экан, Иттифоқнинг бошқа тузилмалари, қолаверса, аъзо давлатлар гапи ва иши ҳам шунга ҳамоҳанг бўлмоғи зарур.

“Менимча, ҳозирги шароитда ЕИнинг Ўзбекистон халқига қиладиган энг катта ëрдами Тошкент ҳукуматини нормал ҳукуматга айланишга рағбатлантиришдир”, - деди Кристи Ивенсон.

Аҳто Лобякас эса ЕИнинг МО, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан сиëсатини ўзгартириш ҳақида гап кетганда аъзо давлатлар манфаати белгиловчи эканини айтади ва ташкилотнинг аксар давлатлари бу мамлакатга Россиянинг орқа ҳовлиси сифатида қарашини таъкидлайди.



“Ўзбекистонга нисбатан кўрилган ëки кўрилажак чора-тадбирлар кўлами ЕИ аъзоларининг Россия билан манфаатларига бориб тақалади. ЕИнинг Франция ва Германия каби йирик ëки Белгия ва Люксембург каби кичик аъзолари Ўзбекистон деб Россия билан муносабатларни бузишни истамайди ва шу боис, Тошкентга нисбатан фаол сиëсат юрғизишга рағбат кўрсатмайди”, - деди Аҳто Лобякас.

К.Ивенсоннинг сўзларига кўра, яқин келажакда Брюсселдан МОга нисбатан ўз сиëсатини жиддий ўзгартиришни кутиб бўлмайди. Бунинг учун ЕИда маблағ ҳам, хоҳиш ҳам йўқ. Иттифоқ учун Болқон давлатлари, Туркия ва Украина билан муносабатларни белгилаб олиш устивор вазифалар.

“Брюсселдагилар вақти-вақти билан Шимолий Африка ëхуд Марказий Осиë ҳақида гапириб туради, албатта. Аммо, афсуски, МОда ЕИни ларзага соладиган улкан бир бўҳрон юз бермагунча, Брюссел амалдорлари зеҳниятининг ўзгариши ва уларнинг МО, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан фаол ҳаракатлар қўллашига кўзим етмайди”, - деди Кристи Ивенсон.
XS
SM
MD
LG