Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:27

Тахминларда жон борми?


“Ўзбекистонда олиб борилаëтган катта сиëсий тадбирдан мақсад ҳокимият ворислигини сақлаб қолиш”. Россиялик журналист Санобар Шерматова Интернетда эълон қилган мақола шундай номланган.

Мақолада айтилишича, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Ўзбекистон ва Россия ахборот ҳудудини қамраган тарғибот ишларини бошлаб юборган. Бу тарғибот ишларидан мақсад қариб қолган президент қўлидан ҳукумат жиловини олиш.

Мақоладан чиқадиган хулосалардан бири – Г.Каримова Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилигини ташкил қиладиган ëшларга таянган ҳолда президент бўлмоқчи ëки жуда бўлмаганда, саҳна орқасида туриб ҳукуматни бошқармоқчи.

“Озодлик” мухбири С.Шерматова билан суҳбатлашиб, Г.Каримованинг ҳокимият тепасига келиш эҳтимоли ҳақидаги хулосалари нималарга асосланганини сўради.

“Менимча, Гулнора Каримовада бундай имконият бор. Зеро, Ўзбекистондаги барча бошқарув ресурслари Каримовлар қўлида жам бўлган. Ислом Каримов Ўзбекистондаги барча масалаларни ўзи ечадиган яккахон раҳбар. Айни пайтда Гулнора Каримова дарров биринчи раҳбар бўлиб олади, деб ўйламайман. Гап Гулнорахонни президент бўлиши ҳақида кетмаяпти. Гулнора Ўзбекистоннинг келажакдаги бошқарув тизимида муҳим ва барча эшикларга калит бўладиган лавозимни эгаллаб олмоқчи”, - деди С.Шерматова.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон парламент устивор бўлган тизимга қараб силжимоқда. Барча қулфларга калит бўладиган лавозимни эса парламентдан ëки ижро ҳокимиятидан изламоқ лозим.

“Менимча, Гулнора Каримова учун бош вазирлик курсиси ҳозирланмоқда”, - деди журналист.

Ўзбекистондаги бошқа қудратли гуруҳлар Гулноранинг ҳокимият тепасига келишига осонгина йўл қўйиб берадими?

“Ҳақиқатда бу катта муаммо бўлиши мумкин. Пул ва иқтидорни қўлида жамлаган таъсир гуруҳлари Гулнора Каримовани машру, яъни легитим ҳисобламайди. Россия ва Озарбойжондаги вазиятдан тафовут ҳам ана шунда. Россияда иқтидорга келган Путин Елцин оиласи томонидан тавсия қилинди ва олигархлар уни тан олди. Озарбойжонда Илҳом Алиев отасини иқтидорга келтирган клан тарафидан қувватланди ва сармоядорларнинг ҳам кўнглига ўтирди. Айнан шунинг учун бу икки давлатда “ворис лойиҳаси” ижобий амалга ошди. Айни пайтда биз Ўзбекистонда буни кўрмаймиз. Молия ва бошқарув ресурсларига қисман эга бўлган Ўзбекистондаги элита Гулнора Каримованинг ҳокимият деб айтиладиган далада униб чиқишини истамайди. Ўзбекистон ичкарисидаги кайфият ҳам Гулнорага хайриҳоҳ эмас”, - дейди С.Шерматова.

“Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи раҳбарлик курсисига ўтириш мақсадида мамлакат аҳолисининг 60 фоизини ташкил қилган ëшларга суянмоқда”, - дейилади Санобар Шерматова мақоласида.

“Озодлик” мухбири ўзбекистонлик ёшлардан ҳам Гулнора Каримованинг Ўзбекистон раҳбари бўлиши масаласига муносабатини сўради.

Суҳбатдошларимиздан бири “аëл киши раҳбарлик қилмагани маъқул” эканини билдирди.

Ўзбекистон “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раҳбарларидан бири Васила Иноятова Гулнора Каримованинг ҳокимият тепасига келиши ҳақидаги тахмин оддий миш-мишдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади.

Санобар Шерматова мақоласида мухолифатнинг мўрт ва ҳокимиятни қўлга олишга тайёр эмаслиги, энг муҳими, Россия билан мулоқотни инкор этиб, АҚШга орқа қилаëтгани айтилади.
XS
SM
MD
LG