Линклар

Биринчи инстанция суди ҳукми билан 10,8 йилга озодликдан маҳрум қилинган “Серқуëш Ўзбекистон” коалициясининг қамоқдаги раҳбари Санжар Умаров ишини аппеляция тартибида кўраётган суд 12 апрель куни ўз ишини давом эттирди.

С.Умаровнинг адвокати Виталий Красиловский сўзларига кўра, суднинг 12 апрель кунги мажлисида бир қанча гувоҳлар сўроқ қилинган. Суд адвокатнинг иқтисодий экспертиза ўтказиш ҳақидаги илтимосини рад этган.

“Шу билан С.Умаров иши юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқиш жараëни ниҳоясига етди. Эртага (13 апрель) суд ўз қарорини эълон қилади”, - деди В.Красиловский.

В.Красиловский аввалги судда С.Умаровни жуда узоқ муддатга қамашни сўраган прокуратура бугунга келиб жазо муддатини қисқартириш ташаббуси билан чиққанини изоҳлаб беришга қийналишини билдирди.

“Прокуратура инсонийлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда бундай иш тутаëтгани билдирилди. Агар бу инсонийлик нуқтаи назаридан қилинаëтган бўлса, у ҳолда С.Умаров қўлга олинганида у 5 фарзанднинг отаси экани, улардан 2 нафари вояга етмагани нега инобатга олинмаган, бунисини билолмайман”, - деди В.Красиловский.

Адвокатнинг таъкидлашича, С.Умаровнинг асаблари ўта қақшаган, аҳволи яхши эмас. Ранглари оқарган, қон босими бор.
XS
SM
MD
LG