Линклар

“Зэклар” норозилиги


Маълумотларга кўра, яқинда Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Заречный шаҳарчасидаги қамоқхонада 45 маҳбус норозилик акцияси ўтказиб, ўз норозиликларини таналарига жароҳат етказиш орқали намойиш этган.

“Kazakhstan Today" ахборот агентлиги хабарига қараганда, маҳбуслар қамоқхона маъмуриятининг тинтувлари жонларига текканидан шикоят қилган. Маҳбусларнинг билдиришича, яқинда қамоқхонада тинтув ўтказилган ва маҳбусларнинг қариндошлари томонидан олиб келинган барча нарсаларни назоратчилар олиб қўйган. Бундан ташқари, маҳбуслар қамоқхона шароити жуда ёмонлигини, маҳкумларни калтаклаш ҳолатлари тез-тез бўлиб туришини маълум қилган. Шунингдек, улар ораларида СПИДга чалинганлар ҳам борлигини, қамоқхонага прокурор, шифокорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари келишини талаб қилган.

Маълум бўлишича, норозилик акцияси натижасида бир неча маҳбус шифохонага ётқизилган. Маҳбусларнинг 24 нафари танасининг қорин қисмига оғир жароҳат етказган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистон Адлия вазирлиги буйруғига биноан умумий тартибдаги мазкур қамоқхона эндиликда алоҳида тартибга ўтказилади.
XS
SM
MD
LG