Линклар

logo-print

Туркманча психиатрия

  • Сарвар Усмон

http://gdb.rferl.org/16FD8B22-F30E-42AE-82D7-D832504E6063_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/16FD8B22-F30E-42AE-82D7-D832504E6063_mw800_mh600.jpg Икки йил давомида руҳий касалликлар шифохонасида сақланган туркман диссиденти Қурбондурди Дурдиқулиев 12 апрель куни уйига қайтди.

Қ.Дурдиқулиев Туркманбошига 2004 январининг бошида бир хат жўнатганди.

Хатда у президентдан Болқонобод шаҳри марказий хиёбонида сиёсий намойиш ўтказишга рухсат сўраган, акцияни 18, 19 февраль кунлари ўтказмоқчи эди. 19 февраль Туркманбошининг туғилган куни.

Ўз номасида Қ.Дурдиқулиев уюштиражак акциясида президент ва бошқа юқори лавозимли давлат амалдорлари олиб бораётган сиёсатни маъқулламаслигини намойиш қилмоқчи эканини, вазиятни изга туширишни талаб қилажагини очиқ айтган.

Хат манзилига етиб борганидан бир ой ўтиб, унинг муаллифи уйига хавфсизлик хизмати ходимлари билан дўхтирлар келганди ва Қ.Дурдиқулиев Гарашсизлик шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилганди.

12 апрель куни шифохонадан озод этилиб, уйига қайтган Қ.Дурдиқулиевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, у жинни сифатида ақлдан озганлар ва жиноятчилар орасида сақланган.

“Улар орасида хотини ёки боласини ўлдирганлар ҳам бор. Ўшандай касаллар орасида мени икки йилу икки ой сақладилар. Кейин тиббий комиссия мени текширувдан ўтказиб, руҳий касал эмас, деган хулосага келди”, - дейди дессидент.

Унинг айтишича, шифохонадан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига, прокуратурага шикоятлар жўнатган, бироқ ҳеч қандай жавоб олмаган. Ҳатто Гаагадаги халқаро судга ҳам мурожаатнома юборганман, лекин ундан ҳам жавоб келмаган.

Аксинча, ариза кетидан ариза битаверишидан унинг шифохонаадги ҳаёти янада оғирлашди.

“Яқинда мени келиб кўриб кетиши учун хотиним ва қизимга рухсат ҳам бермай қўйилди. Фамилиянгиз Аннаева экан, демак Дурдиқулиевнинг хотини эмассиз, дейишибди. 22 мартдан кейин қизим келиб кўрди, чунки унинг фамилияси Дурдиқулиева”, - деди Қ.Дурдиқулиев.

Шифохона маъмурлари яқинлари олиб келган егуликларни Қ.Дурдиқулиевга етказиб туришдан ҳам бош тортган.

Икки йилу икки ой давом этган шу тахлит муносабатдан сўнг 11 апрель куни шифохона мутасаддилари кутилмаганда Қ.Дурдиқулиевни машинага миндириб, 12 апрель тонг отмай туриб уйига олиб келиб ташлаган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда Қ.Дурдиқулиев ҳукумат устидан халқаро судга арз қилажагини, кечирган руҳий азоблари учун ҳукуматдан 5 миллион доллар товон талаб қилажагини билдирди.

“Мен халқаро ташкилотлар ва АҚШ Конгрессига ўз миннатдорлигимни изҳор қилиб қўймоқчиман. Шунингдек, ўз телеграммалари, мактублари билан мени қўллаб-қувватлаб турган кўплаб кишиларга ҳам раҳмат айтмоқчиман. Хатлардан 40-50 тасини шифохона ходимлари менга бир марта кўрсатганди. Лекин улар бош врач қўлида қолиб кетди”, - дейди Қ.Дурдиқулиев.

Маълум бўлишича, уни шифохонадан чиқаришни сўраб, АҚШ Конгрессининг 54 аъзоси Туркманистон президентига жорий ой бошида мактуб йўллаган.
XS
SM
MD
LG