Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:43

“Мен ëлғизман, овозим ëлғиз - атиргулдай қўлларим синган”


12 апрель куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳри прокуратураси ходимлари прокурор рухсати асосида халқ ҳофизи Дадахон Ҳасанов уйида тинтув ўтказди.

Тинтув пайтида ҳофизнинг қўшиқлари ёзилган аудиокассеталар ва шеърлари олиб қўйилди.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги Виждон тутқунларини қутқариш қўмитаси матбуот маркази хабар қилди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ëқубовнинг сўзларига кўра, Д.Ҳасанга президент шахсини камситиш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний ташкилотлар тузиш ва унга аъзо бўлиш айблари қўйилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова Д.Ҳасанов уйида тинтув ўтказилгани ва кассеталар, китоблар мусодара қилингани борасида аниқ маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

“Озодлик” мухбири Д.Ҳасаннинг ўзи билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Ҳофизнинг айтишича, 12 апрель куни тунда соат 2 гача у МХХ биносида сўроқ қилинган ҳамда уйи ва автомашинаси гаровга олинган. Унинг кундалиги ва қўлёзмалари мусодара қилинган.

Дадахон Ҳасан 13 май куни ҳам МХХ терговчиси Акмалжон Рашидов томонидан сўроқ қилинган. Ҳофизга шаҳарни тарк этмаслик ҳақида кўрсатма берилган.

Дадахон Ҳасан мухолифатнинг кўзга кўринган фаоли, “Бирлик” халқ ҳаракати асосчисидир.

“Мен ëлғизман, овозим ëлғиз - атиргулдай қўлларим синган”, - деб ëзган эди ҳофиз тилидан шоир Рауф Парфи.

Дадахон Ҳасан ўз қўшиқларида адолатсизликларга, ҳукумат амалдорларининг оддий одамларга нисбатан амалга ошириб келаётган ҳуқуқбузарликларига нисбатан халқ ғазабини ифода этган. Хабарларга кўра, республикада ҳофизнинг ҳукумат ва президентни танқид қилувчи қўшиқлари кенг тарқалган.

Ҳофизнинг халқ ичида бу қадар машҳурлиги ҳукуматга тинчлик бермай келди. 90-йиллар бошида у қамоққа олиниб, Ички ишлар вазирлиги ертўласига ташланди. Озод этилгач, узоқ йиллар давомида махсус хизматлар назорати остида яшади. Мамлакат ичида ва ташқарида ҳаракатланиш учун ҳофиз махсус хизматлардан рухсат олиши шарт эди.
Янги йил олдидан Дадахон Ҳасанов МХХга ўз овозини экспертизадан ўтказиш учун таклиф этилганди.

2005 йилда Дадахон Ҳасаннинг шахсий ҳаётида икки катта йўқотиш бўлди, йил бошида унинг умр йўлдоши, орадан ярим йил ўтмай, катта ўғли вафот этди. Бу ҳодисалардан сўнг 65 ёшга кириб қолган кекса ҳофизнинг соғлиги ёмонлашди.

Виждон тутқунларини қутқариш қўмитаси тарқатган баёнотда: “Биз мамлакатимиздаги ҳар бир виждонли фуқарога, халқаро жамоатчиликка мурожаат қиламиз: Халқ ҳофизи бугун диктатуранинг қурбонига айланиши мумкин. Режимнинг халқ ҳофизи, адолат ва ўзбек халқининг озодлиги курашчисини мавҳ этишига йўл қўймайлик. Дадахон Ҳасаннинг ҳимояси учун курашайлик”, - дейилади.
XS
SM
MD
LG