Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:19

Ҳам чимкентликларга, ҳам ўзбек деҳқонига қийин бўладиган


Қозоғистон Ўзбекистон билан чегара ҳудудларида кучайтирилган назорат ўрнатди. Бундан мақсад Ўзбекистонда етиштирилган сабзавот ва меваларнинг Қозоғистонга ноқонуний олиб ўтилиши олдини олишдир.

“Сабзавот-2006” махсус тадбири Жанубий Қозоғистонда 10 апрелдан бошланди. Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизматининг “Онгтустиқ” ҳудудий бошқармаси бошлиғи Марат Мажидовнинг журналистларга билдиришича, махсус тадбир натижасида Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудларидаги барча чегара постлари ёпилади. Энди Ўзбекистондан келтириладиган мева ва сабзавот маҳсулотлари фақатгина божхона масканлари орқали ўтказилади.

Жанубий Қозоғистоннинг деярли барча бозорларига мева ва сабзавот маҳсулотлари Ўзбекистондан келтирилади.

“Чимкентга азал-азалдан мева ва сабзавотлар Ўзбекистондан келтирилади. Бизнинг ҳудудда мева-сабзавот етиштириш қийин. Мевалар кузда пишиб етилмасдан тўкилиб кетади. Шунинг учун бозорларимиздаги барча мева -сабзавотлар Ўзбекистондан келтирилади”, - дейди чимкентлик Фозил ака.

Чимкент бозорларида мева-сабзавот савдоси билан шуғулланувчи ўзбекистонлик тадбиркорлар жорий қилинган янги тартибдан ташвишга тушмоқда.

“Агар янги тартиб бўйича фақат катта-катта машиналарда сабзавот ташиладиган бўлса, ўзбекистонлик деҳқонларга қийин бўлади. Бу ерда деҳқонлардан олиб сотувчилар фойда кўриши мумкин. Улар деҳқонлардан арзимаган пулга сотиб олади. Деҳқоннинг ўзи эса олиб келиб сота олмайди”, - дейди тошкентлик савдогар аёл.

Ўзбекистонлик яна бир тадбиркорнинг айтишича, улар маҳсулотни Тошкентдаги “Қўйлиқ” бозоридан сотиб олади. Бир тонна маҳсулотни Чимкентга олиб келиб, 3-4 кунда сотиб бўлади. Шунинг учун маҳсулот сифатини йўқотмайди.

“Янги тартиб бўйича биз 4-5 тадбиркор биргалашиб, битта “Камаз” машинасида юк олиб келишимизга тўғри келади. “Камаз” юк билан тўлишини кутишдан бир неча кун ютқазилади. Ҳайдовчилар машинасига кўп юк ортишни истайди, бу эса маҳсулот сифати йўқолишига олиб келади. Янги тартиб натижасида ҳам Ўзбекистон деҳқонларига, ҳам чимкентлик харидорларга зарар етади”, - дейди ўзбекистонлик тадбиркорлар.

Чимкентликлар ҳам янги тартибдан норози эканини, бунинг натижасида бозорларда маҳсулот нархи қимматлаб кетиши мумкинлигини айтмоқда.

”Илгари ҳам шунга ўхшаш тартиб жорий қилинганди, лекин ўзини оқламаганди. Ҳар ким ўзи хоҳлаган транспорт билан маҳсулот ташиши керак. Кимнидир 100 килограммга, бошқасиники 1 тонна маҳсулотга кучи етиши мумкин. “Камаз”лаб олиб келиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Ҳозир минглаб ўзбекистонлик деҳқонлар килограммлаб олиб келиб, Чимкент халқини тўйдиряпти”, - дейди чимкентликлардан бири.

Махсус тадбир давомида Ўзбекистон билан чегара ҳудудларнинг барчасида кучайтирилган назорат ўрнатилади. Унда “Орлан” махсус десант гуруҳи чегарачилар билан ҳамкорликда ишлайди. “Сабзавот-2006” тадбири қачонгача давом этиши ҳали белгиланмаган. Аммо чегаралардаги кучайтирилган назорат вазият барқарорлашгунча давом этиши айтиляпти.
XS
SM
MD
LG