Линклар

Россия мигрантларни қонунийлаштириш ҳаракатида


Басира Россия Давлат думаси 17 март куни “Россия Федерациясида хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни миграция рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган эди.

Кузатувчиларнинг фикрича, ушбу қонун қабул қилиниши Россиядаги миллионлаб мардикорларнинг бир муаммоси – рўйхатдан ўтиш ташвишини камайтириши мумкин.

Бироқ Россиядаги мардикорлар хурсанд бўлишига ҳали вақт эрталигини айтаётганлар ҳам бор. Чунки охир-оқибат қонун қай кўриниш касб этишини айтиш қийин. Шу кунларда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилиш кутилмоқда.

Москвадаги “Миграция ва ҳуқуқ” ташкилоти раҳбари Гавҳар Жўраеванинг таъкидлашича, мигрантларни легаллаштиришни осонлаштириш учун рўйхатга олиш тартибини ўзгартириш керак.

“Менимча, бунга анча кучли қаршилик кўрсатилади. Чунки рўйхатга олиш тартибининг ўзгаришини истамайдиганлар жуда кўп. Уларнинг бир қисми ноқонуний мигрант кучидан фойда кўраётган қурилиш фирмалари, иккинчиси эса миллатчи кучлардир. Жамиятда ксенофобия тобора кучайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Давлат думасининг шундай кайфиятдаги депутатлари қонун лойиҳасига қарши чиқади”, - дейди Г.Жўраева.

Россия ички ишлар вазири лавозимини бажарувчи Александр Чекалин Давлат думасида март ойида қилган чиқишида мигрантлар орасида экстремистлар ҳам учраб туришини айтиб: “Нолегал миграция билан террористик, экстремистик ташкилотлар фаолияти чамбарчас боғлиқ. Улар исталган мамлакатда пул учун жанг қиладиганларни мигрантлар орасидан ёллаб, ўқитади”, - деган эди.

Давлат думаси депутати, Либерал демократик партия етакчиси Владимир Жириновский бунга ўзига хос жавоб қайтарганди.

“Жиноятчилар аллақачон келиб бўлган, ўғирлаш мумкин бўлган ҳамма нарсани ўғирлаб, аллақачон учинчи давлатга кетган. Ҳозир одамлар Россияга миллий, диний қарашларидан келиб чиқиб келмоқчи. Оддий ишсизлар келмоқчи”, - деганди В.Жириновский.

Россияда расмий рўйхатдан ўтмаган мигрант ишчилар сони 10 миллиондан ортиқ экани айтилади. Шу боис, мазкур қонуннинг қабул қилиниши мигрантларнинг умумий миқдорини аниқлашга, уларнинг солиқ тўлашларига олиб келади.

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский маълумотига кўра, бугун ноқонуний миграциядан давлат йилига 200 миллиард рублдан ортиқ зарар кўрмоқда.

Кузатувчилар фикрича, агарда Россия Давлат думаси янги қонунни қабул қилса, мамлакатда нолегал мардикорлар сони кескин камайиши мумкин.

Зеро, қонун лойиҳасига кўра, МДҲ мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам 3 ойга рўйхатдан ўтиш учун ҳужжат тайёрлашга вақт ва пул сарфлаб ўтирмайди.

“Миграция ва ҳуқуқ” ташкилоти раҳбари Гавҳар Жўраева мазкур қонун қабул қилиниши МДҲдан тирикчилик учун келиб, Россияда ҳуқуқсиз юрган фуқароларнинг ҳуқуқлари оз бўлса-да, ҳимояланишига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG