Линклар

logo-print

Ўзбекнинг ўзганлик ўзган ўғлони<br>(Ер фарзанди илк бор фазога чиққанига 45 йил тўлди)

  • Сарвар Усмон

У ёки бу таниқли шахс билан учрашиш, унга ёқимли-ёқимсиз саволлар бериш журналистнинг хизмат вазифаси. Ҳар бир журналист ўз фаолияти давомида суҳбатини олган машҳур кишиларни эслаб ёзса, анча катта рўйхат бўлади.

Камина ҳам тузиши мумкин шундай рўйхатни. Агар тузадиган бўлсам, ўша рўйхатдаги энг ёрқин исмлардан бири Солижоннинг исми бўлади.

Мен ҳозир Солижон Шариповни 1998 йилги биринчи парвозидан сўнг ватандошлари – қирғизистонликлар кутиб олиши мамлакат миқёсидаги улкан байрамга айланиб кетгани, унинг камсуқум, меҳнаткаш отаси Шокиржон ота, қариндош-уруғлари, пастки Ўзганнинг юзи асфальт кўрмаган кўчаларидан биридаги ўзбекона оддийгина уйи ҳақида соатлаб ҳикоя қилиб беришим мумкин.

Солижон Ўзганда яхши ният билан ўз қўли билан минглаб кўчат ўтқазиб, теракзор барпо қилган. Унинг тераклари шу кунда буюмбоп бўлиб қолган бўлса ҳам керак.

Ҳа, тақдир тақозоси билан эски совет паспортини Россия паспортига алмаштиришга мажбур бўлган Солижон туғилиб ўсган юртини унутгани йўқ. Ўз навбатида, Қирғизистон ҳукумати ҳам унинг хизматларини муносиб баҳолаган. Солижон Шарипов – Қирғизистон Қаҳрамони. Президент Ақаев космонавтга Бишкекда уй совға қилган.

Шу кунда Солижон АҚШда. Хьюстондаги Фазовий тадқиқотлар марказида Халқаро космик станция директори лавозимида меҳнат қилмоқда. Яқин келажакда яна фазога парвоз қилмоқчи.

Солижонга Қирғизистон Қаҳрамони унвони берилишини унинг космонавт сифатидаги жасоратига берилган баҳодан кўра, шу мамлакат фарзанди сифатида миллатлараро тотувликка қўшган ҳиссаси эътирофи, деб баҳолаш тўғрироқ бўларди. Зеро, у биринчи бор фазога чиқиб тушгач, қирғизистонлик ўзбек ҳам, қирғиз ҳам Солижонни бизники, бизнинг юрт фарзанди, деди. Ўзбек ҳам, қирғиз ҳам Солижон билан бирдай фахрланди.
XS
SM
MD
LG