Линклар

Ҳукуматнинг “халқни ўйлаши” киракашга қимматга тушадими?


Басира Бундан буён Ўзбекистонда йўловчи ташиш билан фақат юридик шахслар шуғулланади. Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари Абдулла Қўлдошевга таяниб, шундай хабар тарқатди.

Хабар мазмунига кўра, шу пайтгача патент олиб аҳолига транспорт хизмати кўрсатаётган хусусий тадбиркор - ҳайдовчилар бундан буён профессионал уюшмаларга бирлашиши ёки юридик мақомга эга бўлган корхона, ташкилот ва муассасаларга ишга кириши лозим.

Бухоролик ҳайдовчининг фикрича, бу қарор банкрот бўлиб кетган автобазалар таркибини хусусий машиналар ёрдамида кучайтириш ва улар фаолиятини назоратга олиш мақсадида қабул қилинганга ўхшайди.

“Қарорнинг яхши томони йўқ, албатта. Масалан, биргина Ғиждувонда 2 мингта машина одамларга хизмат қилар эди. Агар уларнинг ҳар бири лицензия бўйича ойига 50 минг сўмдан тўласа, қанча бўлишини ҳисобланг!? Бу ҳам давлат бюджетини тўлдириш йўли”, - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан мазкур қарор юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистондаги автобазалардан бирининг ходими сўзларига кўра, янги тартибнинг оғирлик қиладиган жойи йўқ.

“Ҳайдовчи машинасини бизга улуш сифатида киргизиб, даромадининг ҳаммасини бизга тўлайди. Ўша даромаддан биз ҳамма харажатлар, жумладан, ёқилғи пулини берамиз. Қолган пулини унинг хусусий ҳисоб рақамига ўтказамиз. Пластик карточкалардан бемалол пулини олади. Патентга ҳожат қолмайди. Айтишларича, улар ҳар куни йўл варақаси олади. Эрталаб навбатчи механик ва шифокор кўригидан ўтиб, кейин ишга кетади. Ҳозир низом йўқлиги сабабли бу тартиб ҳақида аниқ бир нарса айтиб бўлмайди”, - деди автобаза ходими.

Унинг таъкидлашича, йўловчи ташувчи хусусий машиналарни уюшмаларга бирлаштириш фақат аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қилинмоқда.

Кузатувчилар ҳукуматнинг бу қарори тирикчилиги шахсий машинаси орқасидан бўлган жуда кўп кишига оғир ботишини айтмоқда.

“Ҳозир фақат бозор ва такси билан рўзғор ўтказиш мумкин. Катта-катта профессорлар таксичилик қилиб юрибди бизда. Чунки такси қилиб, ҳар куни ҳеч бўлмаса 10 минг сўм ишлаш мумкин”, - деди кузатувчилардан бири.

Кузатувчининг фикрича, эндиликда оиласини киракашлик орқали тебратадиган фуқаролар сони камаяди. Чунки киракашларнинг ҳаммаси ҳам уюшмаларга аъзо бўлиб, маошлари ҳисоб рақамига ўтказилишини истамайди. Зеро, Ўзбекистонда ҳисоб рақамига кўчирилган пулни олиш жуда катта муаммо.
XS
SM
MD
LG