Линклар

logo-print

Америка оҳанрабоси ўзбекларни ўзига чорламоқда

  • Озодлик

Тошкентда АҚШнинг “Iowa Workforce Project” лойиҳаси тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унинг муаллифлари бу лойиҳа бутун дунëда, хусусан, МДҲ ҳудудида муваффақиятли тадбиқ этиб келинаётганини айтмоқда.

Лойиҳа муаллифларининг Тошкентда ўтказган анжуманида АҚШда ишлашни орзу қилувчилар учун махсус дастурлар ишлаётгани ва уларни Америкадаги турмуш тарзи билан яқиндан таништириш ҳақида сўз борди.

Агар ушбу лойиҳа йўлга қўйилса, у ҳолда океан ортини орзу қилаëтган минглаб ўзбекистонликлар учун қонуний йўл билан ишлаш имконияти очилади.

“Биз Ўзбекистон фуқароларини H2B мавсумий иш визаси бўйича АҚШга олиб келишга ҳаракат қиляпмиз. Ушбу виза 6 ойдан 1 йилгача берилади. Айрим ҳолларда уни 3 йилгача чўздириш имкониятлари ҳам бор”, - деди “Озодлик” мухбири билан суҳбатда дастур мувофиқлаштирувчиси Богдан Чугунов.

Унинг сўзларига кўра, дастур бўйича АҚШга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси аввал анкета тўлдиради. Анкета компаниянинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳига юборилади. Ундан кейин анкеталар иш билан таъминловчиларга жўнатилади ва уларнинг ичидан одамлар танланиб¸ номзодлар ҳужжати АҚШ муҳожирлик хизматига, у ердан эса Меҳнат вазирлигига жўнатилади. Ҳамма ҳужжат тасдиқланиб бўлингач, маҳаллий консуллик хизматига борилиб, АҚШ кетмоқчи бўлганлар суҳбатдан ўтади.

Б.Чугуновнинг таъкидлашича, олий маълумотга эга бўлмаган шахслар ҳам дастур асосида АҚШга виза олиш имкониятига эга. АҚШдаги ишлаш деганда фақат қора иш назарда тутилмайди.

АҚШнинг ўз номини айтмаган расмийси билдиришича, АҚШ элчихонасидан холи олиб бориладиган “Iowa Workforce Progect” каби лойиҳалар Америка иштиëқида бўлганларнинг виза олишини кафолатламайди.

Ҳозир АҚШнинг қайси штатига борманг, албатта, ўнлаб ўзбекларни учратиш мумкин. Уларнинг аксарияти АҚШда ноқонуний ишламоқда. Уларнинг 95 фоизи АҚШга ишлаш ҳуқуқини берадиган виза бўйича эмас, балки сайёҳлик визаси бўйича келган.

“Келганимга кўп бўлмади. Аммо ўзимни Америкада юргандек ҳис қилмайман. Ҳар қадамда ўзбек. Қаерга борма, ўзбекни учратасан. Фақат ишлаш билан овора. Айримлар бир суткада 3 соат ухлаб, 3 та ишда ишлайди”, - дейди Калифорнияда ишлаётган Гули исмли ўзбекистонлик.

Ноқонуний муҳожирликка қарши курашаëтган ва бу учун тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқаëтган Америка ҳукумати мамлакатга оқиб келаëтган арзон ишчи кучини қонунийлаштириш ва уларни қаттиқ назорат қилиш йўлларини ўйламоқда. Ноқонуний муҳожирларни ушлаш учун деярли ҳар куни полиция рейдлари ўтказилади. Сўнгги пайтларда бир қанча ноқонуний ўзбек муҳожирлари ҳам қўлга тушган.

Қандай тўсиқ ва муаммолар бўлмасин, буларнинг биронтаси АҚШга интилаëтганларнинг ҳафсаласини пир қилмайдиган кўринади. Уларнинг сони эса йилдан-йилга ортиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG