Линклар

logo-print

Ўзбекистон фуқаролари даҳшатли қотилликда айбланмоқда


Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида 5 кишининг қотиллигида ва 50 минг АҚШ долларини ўғирлашда гумон қилиниб, Ўзбекистоннинг 30 ёшли фуқароси ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Жамбил вилояти ички ишлар департаменти матбуот хизмати бошлиғи Роза Қалдибекова маълум қилди.

“Қотиллик ўтган йилнинг 22 ноябрь куни тунда содир қилинган. Вилоятнинг Шу шаҳрида тадбиркор Жарилқосимовлар оила аъзоларининг жасадлари топилди. Эр-хотин Жарилқосимов, унинг олти ва ўн олти ёшдаги икки фарзанди ҳамда оила бекасининг 23 ёшли жияни бўйнидан сўйиб кетилган эди”, - деди Р.Қалдибекова.

Полиция ходимларининг ўтган ойлар мобайнидаги изланишлари натижасида яқинда бу қотилликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди.

Р.Қалдибекованинг билдиришича, бу шахс илгари Тошкент шаҳрида талончилик қилгани учун 2 марта судланган “Баха” лақабли йигитдир.

Маълум бўлишича, қотилликда гумон қилинаётган ўзбекистонлик кейинги пайтда оиласи билан Қозоғистонда вақтинча яшаб, мардикорлик билан шуғулланган. “Баха” Жарилқосимовга тегишли дўконни таъмирлаб берган ва шу орқали тадбиркор билан танишиб олган.

Айбланувчи қотилликни бўйнига олган ва тадбиркор оиласидан 50 минг АҚШ долларини ўғирлаганини билдирган. Унинг терговда айтишича, қотилликни уч киши бўлиб амалга оширган. Шериклари ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлиб, айни пайтда улар ўз юртиддир.

Жамбил вилояти ички ишлар департаментидан олинган маълумотга кўра, айни пайтда қотилликда гумон қилинаётган ўзбекистонлик бу шахсларни Қозоғистонга экстрадиция қилиш масаласи ҳал этилмоқда.
XS
SM
MD
LG