Линклар

logo-print

Тожик прокурори ўзбекистонлик ҳамкасбларини айблади

  • Фаррух Юсуфий

Тожикистон Бош прокурори Бобожон Бобохонов Ўзбекистонни Тожикистонда давлат тўнтариши қилишга уринишга алоқадор бирорта ҳам хавфли жиноятчини қайтариб бермаганликда айблади.

Бош прокурорнинг сўзларига кўра, 1997 йилда Тожикистонда давлат тўнтариши ясашга уринган собиқ полковник Маҳмуд Худойбердиев ва унинг тарафдорлари “Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юргани ва вақти-вақти билан Тожикистонга келиб, террор ҳаракатларини амалга оширишига оид маълумотлар бор. Бироқ расмий Душанбенинг бу одамларни қайтариб бериш ҳақида Тошкентга юборган сўровлари жавобсиз қолмоқда”.

“Хуллас, ўша давлат тўнтаришини қилмоқчи бўлганларнинг бирортаси ҳали қайтарилмаган. Аксинча, улар у ерда уюшиб, бу ерга террорчиларни юбормоқда ҳамда мамлакатимизда террор, қотилликлар ва ҳоказоларни амалага оширмоқда”,- деди Тожикистон Бош прокурори душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Б.Бобохонов Тожикистон томони бир неча хавфли жиноятчини Ўзбекистонга қайтариб берганини қўшимча қилди.

Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юриб, Тожкикистонда террорчилик ҳаракатларини содир этаётган шахслар ҳақидаги фикрига далил ўлароқ, Бош прокурор шу йилнинг бошида Тожикистон Мудофаа вазирлиги институти бошлиғи Ҳакимшо Ҳафизовни ўлдиришда гумон қилинган икки киши ҳибсга олингани ва уларнинг кўрсатмалари буни тасдиқлаганини таъкидлади.

“Дастлаб, генерал Ҳафизовни ўлдиришда Косолапов исмли киши ҳибсга олинган ва бу ҳақда эълон қилинганди. Мендан ҳам бир неча марта бу ҳақда сўрашган, лекин мен изоҳ беришдан тийилиб юргандим. Охир-оқибат бу қотилликни ким содир этгани аниқланди. Ҳозир бу кишилар ҳибсга олинган ва кўрсатма беряпти. Бу кўрсатмалари жуда мантиққа яқин. Қотиллик содир этилган тўппонча ҳам топилди”, - деди Б.Бобохонов.

Ўзбекистонлик ҳамкасбларидан ҳафсаласи пир бўлгани кўриниб турган бош прокурор ҳибсга олинганларнинг шахси ҳақида ҳам гапирди.

“Ўша пайтда қотилликни амалга оширган икки киши машинада қочиб кетгани ҳақида гап тарқалганди. Камол Ботиров ва Нурматов ўша шахслардир. Иккаласи ҳам Тожикистон фуқароси. 1997 йилдаги давлат тўнтаришига уринишдан кейин Ўзбекистонга қочиб кетган. Ўша Камол Ботиров героин моддаси сақлагани учун 2000 йил 25 мартда Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри суди ҳукми билан 13 йилга қамалган. У ҳозир турмада ўтириши керак. Бунинг ўрнига эса кейинги олти йил ичида у 16 марта Тожикистон ҳудудига кириб, яна Ўзбекистонга қайтиб кетган”, - деди Б.Бобохонов.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова Б.Бобохоновнинг баёнотидан хабари борлиги, бу фактлар ўрганилишини билдирди. Унинг айтишича, яқин вақтлар ичида мазкур баёнот юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасининг муносабати эълон қилинади.

Тожикистон Бош прокурори ҳибсга олинганларнинг қувғиндаги собиқ полковник Маҳмуд Худойбердиевга алоқадорлигини айтди. Шунингдек, полковник Ўзбекистонда экани ва расмий Душанбенинг бир неча марта уни қайтариб беришни сўраб, мурожаат этганига қарамай, Тошкент бу мурожаатларга беписандлик қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукумати Маҳмуд Худойбердиевнинг мамлакат ҳудудида эканига оид ҳар қандай маълумотни инкор этиб келган. 1998 йилда М.Худойбердиев Тожикистоннинг Сўғд вилоятига Ўзбекистон ҳудудидан бостириб киргани айтилганди. Бироқ Ўзбекистон, хусусан, президент Ислом Каримов бу гаплар асоссиз экани ва ҳеч қандай Маҳмуд Худойбердиев деган кишини танимаслигини билдирганди.

2001 йилда эса М.Худойбердиевнинг автомобиль ҳалокатида ҳалок бўлганига оид хабарлар тарқалди.

Лекин 2005 йил 13 майдаги Андижон воқеалардан кейин М.Худойбердиев ҳақидаги хабарлар яна кун тартибига чиқди. Баъзи кузатувчилар Андижондаги қирғинда унинг жангарилари қатнашганини таъкидлай бошлади.

Хусусан, Ўзбекистондаги “Эрк” демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ Буюк Британиядаги Қироллик университетида қилган маърузасида бу мавзуга атрофлича тўхталди.

Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов ҳам М.Худойбердиевнинг Ўзбекистон ҳудудида эканига шубҳаси йўқлигини таъкидлайди.

“Маҳмуд Худойбердиевнинг тирик ва Ўзбекистонда экани ҳеч кимга сир эмас. Бу шубҳа остига олинмайдиган фактдир”, - дейди таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG