Линклар

“Саргардон тождор” муаллифи халқаро миқёсда тан олинди

  • Сарвар Усмон

Эркин ижоди учун Туркманбошининг ғазабига учраган машҳур туркман ёзувчиси Раҳим Эсенов халқаро ПЕН клуб таъсис этган нуфузли мукофотни қабул қилиш учун Нью-Йоркка келди.

Ёши 79 га чиққан адиб мукофотни ўз қўли билан қабул қилиб олишининг ўзиёқ катта воқеадир.

Ўзининг “Cаргардон тождор” тарихий романи учун ҳукмдорнинг таъқибига учраган Р.Эсеновнинг мамлакатдан чиқиши ҳам осон бўлмади. Халқаро ташкилотлар ва АҚШ элчихонаси аралашгачгина адиб Туркманистондан чиқиш имконига эга бўлди.

“Cаргардон тождор” романининг бош қаҳрамони Байрамхон ўрта асрларда яшаб ижод қилган шоир, файласуф, туркман халқининг яхлитлигини сақлаб қолган, унинг келажаги учун асос сола билган халқ қаҳрамонидир.

Сапармурод Ниёзов Раҳим Эсеновни тарихни бузиб кўрсатганликда айблаб, 1997 йилда унинг бу романини тақиқлаб қўйган эди. Бунга адибнинг президент кўрсатмаси бўйича китобга ўзгартишлар киритмагани сабаб бўлганди.

Ёзувчи 2004 йили ўз китобини ғайриқонуний равишда тарқатишда, аҳоли орасида ижтимоий, миллий ва диний адоват қўзғашда айбланиб, қўлга олинди.

2005 йили эса ундан мамлакатни тарк этмаслик, ҳар ҳафтада маҳаллий милицияда қайддан ўтиб туриш тўғрисида тилхат олинди.

Р.Эсенов “Правда” газетасининг Туркманистон ССРдаги мухбири бўлиб ишлаган. Совет Туркманистони Маданият вазирлигини бошқариб турган. 20 дан зиёд китоб муаллифи.

“Ҳаётимнинг маъноси журналистикада, адабий ижодда”, - дейди Раҳим Эсенов.

У Туркманистон мустақил бўлиб олганидан кейин ҳам ижодий фаолиятини сусайтирмади. “Озодлик” радиосининг Туркман хизмати билан ҳам ҳамкорлик қилди.

“Менинг на мақолаларим, на китобларим ҳокимиятнинг кўнглига ёқди”, - дейди адиб.

Р.Эсеновнинг “Cаргардон тождор” романи мўғуллар империяси давридан ҳикоя қилади. Унда воқеалар туркман халқини парчаланиб кетишдан сақлаб қолишга бел боғлаган Байрамхон атрофида ривожланади.

“Бошқа дин вакиллари билан муомалада тоқат қила билишни Байрамхон муҳим ҳисобларди. У масжидни ҳам, насронийлар ибодатхонасини ҳам, яҳудийлар канисосини ҳам бирдай ҳурмат қилар, унинг учун барчанинг битта Аллоҳни тан олиши, битта Худога сиғиниши энг асосий, ҳал қилувчи омил эди”, - дейди адиб.

Кейинги йиллар давомида Раҳим Эсенов кечаю кундуз маъмурлар назорати остида яшади. Унинг телефон мулоқотлари ҳам хавфсизлик хизмати ходимлари назорати остида эди.

Р.Эсеновнинг жорий ҳафтада Нью-Йоркка келиши унга қарши кампания бошлангандан буён амалга оширган биринчи хорижий сафаридир.

Халқаро ПЕН клубнинг йиллик мукофотлари билан сўз эркинлигини бўғаётган ҳукуматлар томонидан таъқиб-тазйиққа учраган адиблар тақдирланади. Бу йилги мукофотга Р.Эсенов билан биргаликда жазоирлик адиб Муҳаммад Бенчисой сазовор бўлди.

Халқаро ПЕН клубнинг Адиблар эркинлиги дастури директори Ларри Симс 1 апрель куни мукофотга сазовор бўлганлар рўйхатини эълон қилар экан, уларни “ўз давлатлари ҳукмдорларига тарихни назорат қилишларига йўл қўймаётганлари учун” олқишлади.

“Яхшиликка ишонадиган одамман. Киши бу дунёда эзгу ишлар қилиш учун туғилади, тўсқинлик қанчалик кучли бўлмасин, эзгулик жаҳолат устидан ғалаба қилади, деб ўйлайман”, - дейди туркман адиби Раҳим Эсенов.
XS
SM
MD
LG