Линклар

logo-print

“Халққа эркинлик берилса, ўзбек халқи кўп куттирмайди - нимага қодир эканини исботлайди”


Бугун Ўзбекистонда юзага келган вазият қозоғистонликларни ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ. “Озодлик” мухбири баъзи қозоғистонликлар билан суҳбатлашиб, уларнинг Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақидаги фикрларини ўрганди.

Қорабулоқлик ёзувчи, филология фанлари номзоди Раҳимтой Бегалиев:

“Ўтган асрнинг 90-йилигача Ўзбекистонни бой, нон берувчи мамлакат сифатида таниганмиз. Бутун дунёдан кўпчилик шу республикадан қорин тўйдирган. Шароф Рашидовдай раҳбарлар дўппи кийдириб, ўзбекни дунёга машҳур қилган. Ўша пайтлари одамларнинг кайфияти яхши бўлган. Мустақилликдан кейин Ўзбекистоннинг аҳволи ёмонлашди. Мамлакат иқтисоди ҳам орқага кетди. Одамларнинг кайфияти ҳам тушди. Ички сиёсатни маҳкам ушлай олмаган раҳбар вазифасини топшириши керак. Ислом Каримовга ўхшаганлар келади-кетади. Ҳар қандай шароитда раҳбар одам халқини, аввало, соғлом, қорнини тўқ тутиши, албатта, эркин қўйиши керак. Мени назаримда мана шулар Ўзбекистоннинг энг оғриқ нуқталаридир”.

Қозоғистондаги “Дўстлик” ўзбек ҳамжамияти раиси Рўзақул Холмуродов:

“Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилишга қарор қилганини айрим масалаларда орқада қолиб кетганини тан олгани, деб ҳисоблайман. Ўзбекистон ички сиёсатига ўзгариш киритиб, халққа эркинлик берса, ўзбек халқи кўп куттирмайди - нимага қодир эканини исботлайди”.

Чимкентлик 70 ёшли пенсионер Инобат Абдурауфова:

“Нима сабабдан бунчалар сиқиляпти Ўзбекистоннинг одамлари, нима сабабдан шунчалик қийинчиликка учраяпти, дейман-да?! Бу Ислом Каримовга нима бўляпти?! Ўзбекистонда шундай, ўзбеклар бундай, дейишса бизнинг суяк-суягимиздан ўтиб кетади. Мана, сенинг ўзбегинг бундоқ қиляпти, деган сайин чимкентлик ўзбеклар уялганимиздан ерга кириб кетамиз”.

Жанубий Қозоғистон университети профессори Ботир Норбоев:

“Ўзбекистонда яшайдиган барча халқларга озгина эркинлик берилса, уларнинг қўл-оёғи бўшатилса, ҳар қадамда тергалавермай, ҳақ-ҳуқуқлари озгина жойига қўйилса, асосийси, демократия бўлса, мамлакат олға силжиши мумкин. Ҳозирги вазиятда мен мамлакатнинг келажагини кўрмаяпман. Кўзимга қоронғулик кўриняпти. Агар ҳозир Ўзбекистонни бошқараётганлар келажакда ҳам ҳокимият тепасида қолса, мамлакатнинг келажаги бор, дея олмайман. Андижон воқеаларидан кейин Россия билан Хитойдан бошқа жуда кўп мамлакат Ўзбекистон билан муносабатларини узиб қўйди. Бунақа вазиятда узоққа бориш қийин. Халққа ҳам жабр бўлади, ҳукуматнинг ўзига ҳам. Андижон воқеаларида бир неча минг одам ўлиб кетгани айтиляпти. Бундан ҳам даҳшатли воқеалар бўлиши мумкин”.

“Сайрам садоси” газетаси мухбири Ислом Абдунабиев:

“Ўзбекистонлик миллатдошларимизнинг чет элларда хор-зор бўлиб, оғир меҳнатига яраша ҳақ ололмай, ночор аҳволда кун кечираётганига, менимча, мамлакатда олиб борилаётган ички сиёсат айбдор. Ислом Каримовнинг тили билан айтганда, Ўзбекистоннинг келажаги буюк. Агар аҳвол шу зайлда кетадиган бўлса, буюкликни кутиш қийин. Лекин раҳбарият алмашса ёки Каримовнинг ўзига инсоф бериб, халқи ҳақида кўпроқ қайғурса, вазият ўзгариши мумкин. Ўзбеклардай меҳнаткаш, заҳматкаш халқ кам. Ўзбекистон келажакда Ўрта Осиёдаги энг ривожланган мамлакатлардан бирига айланиб кетиши мумкин”.

“Адолатли Қозоғистон учун” ҳаракати етакчиларидан бири Абдумалик Сармонов:

“Диктарура ҳамиша халқни қашшоқликка олиб боради. Ягона кишининг измига бўйсунган мамлакатда ҳаёт сўнади. Менинг қўрқадиганим, Ўзбекистондаги қашшоқликнинг сақланиб колиши бутун Марказий Осиё учун ҳам катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Фикримча, Андижондаги ғалаён ҳали дарёдан томчи. Агар Ўзбекистоннинг ривожланиши шу қолипда кетадиган бўлса, ҳали бундан катта жанжаллар, тўполонлар чиқиши мумкин”.
XS
SM
MD
LG