Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:42

Россия Ўзбекистондан ўрнак олдими?


Басира Россияда нодавлат ташкилотлар тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар мамлакатдаги хорижий ва маҳаллий жамоат ҳамда нодавлат ташкилотлари фаолиятига салбий таъсир қилишидан хавотир билдириляпти.

Мазкур ўзгартиришлар кучга кирмоқда. Кузатувчилар эса бу қонуннинг деярли ҳар бир банди ҳуқуқ ҳимоячиларида эътироз пайдо қилишини айтаётир. Зеро, улар нодавлат ташкилотларни рўйхатга олишдан бошлаб, рўйхатга олувчи органларнинг ваколатларига қадар ўз норозилигини билдиряпти.

“Халқаро амнистия” Россия ресурс маркази директори Сергей Никитин мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини кузатадиган яна бир қўшимча бюрократик тизимга эга бўлинганини таъкидлади.

“Энди ННТлар шу пайтгача солиқ идораларига топширадиганларига қўшимча равишда яна бир даста ҳужжатлар тўлдиришига тўғри келади”, - дейди С.Никитин.

С.Никитин билдиришича, ҳатто ташкилотнинг рамзи ҳам реестрга киритилишга халақит бериши мумкин. Масалан, “Халқаро амнистия” рамзида тиканли симга ўралган шам тасвирланган. Мансабдор шахс бу тасвирни миллий, диний туйғуларни ҳақорат қилувчи рамз сифатида ҳам тафсирлаши мумкин.

Янги таҳрирдаги қонунни мансабдор шахслар ўзига қулай тарзда талқин қилиши мумкин. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг асосий эътирози ҳам шундан.

“Бунга Европа Иттифоқи ва россиялик қонун танқидчилари эътибор қаратган эди. Масалан, хорижий ташкилотларни реестрга киритишга рад жавоби берилиши мумкин. Бундай олганда, бу рўйхатга олиш дегани, фақат номи ўзгарган”, - дейди Демократияни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари маркази президенти Юрий Жибладзе.

Москва Хельсинки гуруҳи раҳбари Людмила Алексеева бу қонун Россия Конституциясига зид эканини таъкидламоқда.

“Бизнинг Конституцияда Россия Федерацияси фуқаролари ўз фикрини ифодалаш, ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя этиш учун жамоат ташкилотларига бирлашиши мумкинлиги ёзилган. Мазкур қонун Конституция томонидан белгиланган хуқуқларимизга жиддий тўсиқлар қўймоқда”, - деди Л.Алексеева.

Қонунни ўрганган экспертлар унинг мақсади ноаниқ экани, бу ҳужжатнинг кучга кириши эса камида уч йилда нотижорат соҳа барқарорлигини бузишга олиб келиши ҳақида гапирмоқда. Зеро, уларнинг сўзларига кўра, қонуннинг тавсифланиши мавҳум, унинг матнида умуман ноҳуқуқий тушунчалар ва критерийлар мавжуд. Бу тушунчалар рўйхатга олишни рад этишга, ташкилотларни ёпишга олиб келиши, хорижий, халқаро ташкилотларнинг ўз дастурларини амалга оширишига тўсқинлик қилиши мумкин. Шунингдек, ҳукуматга ёқмаган ННТлар фаолияти низомга тўғри келмаётгани баҳонасида ёпилиши учун қонун кенг имкониятлар беради.

Кузатувчилар фикрича, айнан шундай йўл Ўзбекистонда синовдан ўтган. Масалан, бир қанча хорижий ва нодавлат ташкилотлар рамзни Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказмаганлик баҳонасида ёпилган.

Кузатувчилар бунга АҚШнинг “Айрекс”, “Интерньюс” ташкилотлари, Сорос жамғармаси тақдирини мисол қилиб келтиряпти.
XS
SM
MD
LG