Линклар

Ўзбекистон судларидан “янги хабарлар” кўпчиликни қўрқитади

  • Озодлик

Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари сўнгги 2-3 ой ичида мамлакатда анчагина киши эътиқоди учун ҳибсга олинганини айтиб келади. Деярли ҳар куни кимнидир қўлга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Янгийўлдаги 8 фуқаронинг суди, Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 9 фуқаро тақдири, Дадахон Ҳасановнинг қўшиғини эшитгани учун Бухорода “Эрк” партиясининг икки аъзоси қамалгани, грант дастури бўйича араб мамлакатларидан бирига ўқишга чорланган, аммо аэропортда қўлига кишан солинган талаба, кабобчи, тадбиркор, ижодкор, хуллас, 20га яқин кишининг ҳибсга олингани ҳақида “Озодлик” радиоси ўз вақтида хабар берганди.

Шу орада “Серқуëш Ўзбекистоним” коалициясининг қамоқдаги раҳбари Санжар Умаровнинг шикоят аризаси кўриб чиқилиб, унга берилган жазо муддати қисқартирилгани, кейин Тошкентдаги суд коалициянинг мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятова ишини аппеляция тартибида кўра бошлагани, Наманганда бир оиланинг 6 аъзоси Жиноят кодексининг ўнга яқин моддаси бўйича айбланаëтгани маълум бўлди.

Юқорида келтирилган ҳодисалар жараëнини кузатиб боришга қаратилган уринишлар эса ҳар доим ҳам ўз самарасини бермаяпти. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ҳибсга олинганларнинг олдига адвокатлар ва яқинлари қўйилаётгани йўқ. Натижада уларнинг тақдири борасида маълумот олиш ўта қийин бўлмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳибсга олинганларнинг деярли барчасини ваҳҳобийлик, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, президент шахсини камситиш ва бошқа ҳаракатларда айбламоқда.

Айрим маълумотларга кўра, сўнгги вақтда ҳибсга олинганларнинг аксарияти яқинда Европадан қўним топган машҳур ўзбек имоми Обидхон Назаров билан алоқадорликда айбланмоқда.

Мазкур маълумотларга муносабат билдириб, Обидхон қори “Озодлик” мухбирига берган интервьюсида: “Қама-қамаларнинг сабаблари чуқурроқ бўлиши керак. Бир одамнинг 10-15 минг тарафдори бўлмаса керак бу вазиятда. Ўзбекистонда ҳар хил тўқима айблар билан ҳибсга олиш оддий бир ҳолга айланган”, - деганди.

Наманганда бир-бирига яқин қариндош бўлган 6 киши устидан ҳам суд жараёни бўлиб ўтмоқда. Улар Жиноят кодексининг ўнга яқин моддаси, жумладан, президент шахсини камситиш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, диний оқимларга аъзоликда айбланмоқда.

Судланувчиларнинг қариндоши “Озодлик”ка берган интервьюсида уларнинг судга тортилиши сабаблари ҳақида гапириб: “Оиламиз донғи бутун Наманганга кетган. Акаларим тадбиркорлик билан шуғулланади. Битта акам 100 гектар ер олиб, “Ëқубҳожи” номли фирма очиб, фаолият юргизаётган эди. Ўзимизга тўқ оила эканимизни кўрган ҳуқуқ-тартибот ходимлари биздан пул талаб қила бошлади. Уларнинг талабини рад этганимиздан сўнг бизга нисбатан жиноят иши қўзғашди”, - деган эди.

Бундан 10 кунча аввал Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида Ҳамзаевлар оиласида юз берган воқеа тўғрисида ҳам радио хабар тарқатганди.

Ушбу воқеа тафсилоти, мавжуд маълумотларга кўра, қуйидагича.

Ўзини туман ички ишлар бошқармаси ходимлари деб таништирган Улуғбек Ҳамидов Элмурод Ҳамзаевдан аввал ҳеч қандай диний оқимга аъзо эмаслиги тўғрисида тилхат ëзишни сўраган, кейин унга ташқарига чиқишни буюриб, натижада пул талаб қилган. Аммо милиция учун берадиган ортиқча пули йўқлигини айтиши билан Улуғбек Ҳамидов подъезд ичида кутиб турган ҳамкасби билан бирга Э.Ҳамзаевни дўппослай бошлаган ва бир қўлига кишан солишга улгурган. Бироқ Э.Ҳамзаев улар қўлидан қочишга муваффақ бўлган ва оила аъзоларининг айтишича, қўлидаги кишанни синдириб, чиқинди қутисида ташлаб юборган.

Маълум бўлишича, Э.Ҳамзаев ҳали ҳам уйига қайтмаган ва уни милиция ходимлари қидириб юрибди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг айтишича, Ҳамзаевлар оиласи вакили унга синдирилган кишаннинг ярмини олиб келиб берган.

“Элмурод Ҳамзаев ҳалиям қочиб юрибди. Мен отасига ўғли милициядан қўрқиб қачонгача қочиб юриши, бунинг ўрнига адвокат ëллаб, судга мурожаат қилишлари тўғрисида маслаҳат бердим. Аммо, биласизми, ҳозир одамларнинг, айниқса, намозхонларнинг милицияга умуман ишончи қолмаган”, - деди С.Икромов.

10 март куни Тошкент вилояти судида янгийўллик 8 киши устидан суд бошланган эди. Қора курсида ўтирганларнинг барчаси ваҳҳобийликда (Жиноий кодексининг 244-2-моддаси, яъни ноқонуний ташкилотларга аъзолик) айбланмоқда. Улар ўтган йил охирларида Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган.

18 апрель куни бу кишилар устидан суд жараёни давом этди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Андреа Бергнинг билдиришича, суд мажлисида прокурор, адвокат ва айбланувчиларнинг сўнгги чиқиши эшитилган.

“Судда прокурорнинг айбланувчиларнинг давлат тўнтариши келтириб чиқаришга қилган уриниши ва уларнинг ваҳҳобийлик диний оқимига аъзо экани аниқ бўлгани тўғрисидаги гаплари ақлимга сиғмайди. Прокурор судланувчиларнинг бирига 6 йил, 5 кишига 2 йилдан қамоқ жазосини, 2 кишини эса 1 йилдан шартли равишда озодлик маҳрум этишни сўради. Якуний ҳукм эртага ўқилади”, - деди А.Берг.

Шу кунларда “Серқуëш Ўзбекистоним” коалициясининг қамоқдаги мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятова иши аппеляция тартибида кўриб чиқиляпти. Унинг жазо муддати қисқартирилиши мумкинлиги ҳақида тахминлар бор.
XS
SM
MD
LG