Линклар

logo-print

“Ёқмай, ёқмай нағмаси...”

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 18 апрель куни Буюк Британия Консерватив партияси вакили лорд Роберт Солсберини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар тарқатди.

Расмий хабарномада айтилишича, Буюк Британияда турли лавозимларни эгаллаб келган лорд Солсбери Ўзбекистонда 10 апрелдан бери меҳмон бўлиб, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва бир неча вазирликларида учрашувлар ўтказган.

“Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва лорд Солсбери ўртасида бўлиб ўтган мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди”, - дейилади хабарномада.

Президентнинг матбуот хизматидан мазкур учрашувда кўтарилган масалалар ҳақида тўлиқроқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати вакили Леонид Кудрявцев эса 10 апрелдан бери Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган британиялик лорднинг ташрифи ҳақида бугун маҳаллий матбуотда чиққан хабардан билганини айтди.

“Биласизми, мазкур ташрифга бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Бу лорднинг шахсий ташрифидир. Фақатгина газетада ёзилган нарсани айтишим мумкин. Очиғи, шахсан мен бу ташриф ҳақида газетадан билиб олдим, ҳозир ўқиб ҳайрон бўлиб ўтирибман”, - деди элчихона вакили.

Лорд Солсберининг президент билан учрашуви чоғида Буюк Британия элчиси қатнашмадими, деган саволга Л.Кудрявцев: “Йўқ, билишимча, йўқ. Бугун элчини кўрганим йўқ ҳали. Учрашув кеча бўлганмиди ўзи?” - деб жавоб берди.

Хўш, Буюк Британиянинг мухолифатидаги Консерватив партияси вакили лорд Солсбери ўзи ким ва Ўзбекистонга нега келди? Маҳаллий матбуотда айтилганидек, у Британияда турли муҳим лавозимларда ишлаганми?

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэг Мюррей Роберт Солсберининг Ўзбекистонга ташрифига қуйидагича баҳо берди:

“Менимча, аввало, лорд Солсберининг умуман ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган шахс эканини айтиш муҳимдир. У Консерватив партияда ҳеч қандай расмий лавозимга эга эмас. Албатта, у Консерватив партиянинг аъзоси бўлиши мумкин. Лекин бу ташрифнинг Британия ҳукуматига ҳам, Британия мухолифатига ҳам алоқаси йўқ. У Тошкентга хусусий шахс сифатида борган. Албатта, унинг жаҳон кезиб, хоҳлаган кишилари билан учрашишга тўла ҳуқуқи бор. Лекин ўзини Буюк Британиядаги муҳим аҳамиятга эга шахс сифатида кўрсатиши, менимча, тутуриқсизликдан бошқа нарса эмас”.

К.Мюррейнинг айтишича, ўзбек матбуотининг бу ташрифни давлат аҳамиятига молик тадбир сифатида кўрсатиши ва унга катта аҳамият бериши лорд Солсберининг обрўсига путур етказиши мумкин.

“Менимча, хусусий шахслар Каримов ҳукуматини билмасдан қўллаб-қувватлаган бўлиб қолмаслик учун эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиши керак. Бу ташриф ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, албатта. Чунки, айтганимдек, лорд Солсберининг Британияда ҳеч қандай нуфузи йўқ, у ҳақда ҳеч ким, ҳеч нарса эшитмаган. Бобосининг бобосининг бобосининг бобоси қачонлардир аслзода бўлгани сабабли Лордлар палатасига кириб қолганлар жуда кўп. Улар орасида таътилини бирор мамлакатда ўтказиш ва ўзини муҳим одам қилиб кўрсатишни хоҳлаганлар топилади, албатта. Каримов режими эса бундан ташвиқот мақсадларида фойдаланади. Албатта, бу лорд Солсберининг шахсий иши. Лекин лорднинг Ўзбекистонда қандай баёнотлар берганини ҳам билмаймиз. Чунки у Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини танқид қиладиган бўлса, ўзбек матбуоти буни эълон қилмайди, албатта. Шунинг учун ўзбек матбуоти лорд бундай деди, деса лорднинг айнан шундай деганига ишониб ҳам бўлмайди”, - дейди собиқ дипломат.

К.Мюррей Буюк Британия тарихида репрессив режимларни қўллаб-қувватлаган аслзодалар кўплаб учраганини қўшимча қилди.

“Британия тарихида ғалати ва ғайриоддий режимларни қўллаб-қувватлаган сиёсатчилар ҳар доим бўлган. Масалан, Британия зодагонлари орасида 1939 йилдан олдин Адольф Гитлерни қўллаб-қувватлаганлар жуда кўп бўлган. Улар Германияда меҳмон бўлиб қайтиб, Гитлернинг қандай яхши ишлар қилаётгани ҳақида оғиз кўпиртириб гапирган. Бундай одамлар ҳали ҳам бор ва улар билан ёнма-ён яшашга мажбурсиз. Лекин муҳими уларга аҳамият бермаслик, чунки улар бунга лойиқ эмас”, - деди К.Мюррей.
XS
SM
MD
LG