Линклар

logo-print

“Сариқ аждаҳо” ва “ковбой” Оқ уйда учрашади

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШга расмий ташриф билан келган Хитой раҳбари Ху Цзинтао пайшанба куни Вашингтонда АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашади. Оқ уйда бўлажак музокараларда томонлар иқтисодий ҳамда айрим халқаро масалаларни муҳокама этиши кутилмоқда.

Хитой раҳбарининг АҚШ президенти билан бўлажак музокаралари чоғи кўтариладиган асосий дипломатик масалалардан бири Тайван муаммосидир. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Қин Ганг Вашингтондаги музокараларда бунга асосий урғу берилишини маълум қилди.

“Тайван масаласи Хитой-АҚШ муносабатларидаги энг муҳим, энг эҳтиросли масалалардан бири. Хитой-АҚШ муносабатлари ҳақида гапирилар экан, Тайван масаласи четда қолмайди”, - деди Пекин расмийси.

Хитой бу оролни ўзининг таркибий қисми деб билади. Аммо Тайван президенти Чен Шуи-Биан орол мустақил бўлиши тарафдори. Пекин эса Тайван мустақиллигини эълон қилгудек бўлса, оролга ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантирган.

Тайван атрофидаги ҳар қандай зиддият эса унинг яқин иттифоқчиси ҳисобланган АҚШнинг Хитой билан алоқаларига салбий таъсир этмай қолмайди. Вашингтонда бўладиган музокараларда Хитой раҳбари Бушдан Тайван президентини мустақиллик ғояларидан воз кечишга кўндиришини хоҳламоқда.

Оқ уйдаги учрашув чоғи кўтариладиган яна бир масала Эрон атрофида юзага келган муаммодир. Вашингтон Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масалада Хитой БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида Теҳронга нисбатан қатъий мавқеъга эга бўлишини истаяпти. Хитой эса Эронга нисбатан ҳар қандай ҳарбий чора ва иқтисодий эмбарго қўллаш тарафдори эмаслигини айтган.

Шундай бўлса-да, Теҳронга сафар қилган Хитой вакили Эроннинг ядровий тадқиқотлари Пекинни ҳам хавотирга солаётганини билдирди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили маълум қилди.

“Хитой ташқи ишлар вазири ёрдамчисининг Теҳронда олиб борган музокараларида, асосан, Эроннинг ядровий масаласи муҳокама қилинди. У эронликларга бу ердаги ҳозирги вазият Хитойни ҳам ташвишга солаётганини айтди. Биз тегишли томонлар масаланинг дипломатик ечимини топишига умид қиламиз”, - деди Хитой расмийси.

Хитой-АҚШ муносабатлари муҳокама этилаётганда инсон ҳуқуқлари масаласи кўтарилиши табиий. Зеро, Қўшма Штатлар Хитойдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини танқид қилиб келади. АҚШ давлат котиби ўринбосари Роберт Зоеликнинг айтишича, президент Буш хитойлик ҳамкасби Ху Цзинтао билан ўтган йилги учрашувида ҳам инсон ҳуқуқлари масаласини кўтарган. Диний эркинликлар масаласига урғу берган.

Ху Цзинтао АҚШга келганидан буён бу ерда Хитойга қарши бир қанча норозилик тадбирлари ўтказилди. Сешанба куни Ху Цзинтао тўхтаган Сиэтл меҳмонхонаси олдида Тибет мустақиллиги тарафдорлари пикет ўтказди.

Пикет қатнашчиларидан бири: “Ху Цзинтао Америка ва Канадага кўп бора келган ва бу ерда Хитойни гўё очиқ, демократик давлат сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Аммо аслида у ерда бунинг акси кузатилмоқда. Хитойда мунтазам қамоққа олишлар, қийноқлар авжида. Тибет озод бўлсин десангиз ҳам қамоққа тиқишади”, - деб айтди.

Хитой ва АҚШ раҳбарлари учрашуви чоғида инсон ҳуқуқлари ва дипломатик масалалардан ташқари икки давлат ўртасидаги савдо-сотиққа оид айрим масалалар ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда. Айни дамда Хитой компаниялари АҚШдан 80 та “Боинг” самолёти сотиб олиш ва бошқа мақсадларда 16 миллиард долларлик шартнома имзолаган.
XS
SM
MD
LG