Линклар

logo-print

Жамбиллик ўзбеклар


Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида 25 мингдан зиёд ўзбек яшайди. Ўзларининг айтишича, бу ерлик ўзбеклар жанубий қозоғистонлик миллатдошларидан айрим жиҳатлари билан ажралиб туради.

Жамбил вилояти ўзбек миллий маданияти маркази раиси Баҳром Мўминовнинг таъкидлашича, жамбилликлар Чимкентдагига ўхшаб бир-бирини бу қорабулоқлик, манкетлик ёки сайрамлик, деб ажратмайди.

“Биз ҳаммамиз жамбилликмиз. Бизнинг урф-одатларимиз, шевамиз кўпроқ Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри аҳолисиникига яқин. Нега деганда, жамбиллик ўзбекларнинг 80 фоизи асли келиб чиқиши Тошкентдан, 20 фоизи Намангандан. Ёнимиздаги тоғнинг нариги томони Наманган вилояти. Жамбиллик ўзбеклар келгинди эмас. Биз яшаётган Жамбил вилояти ерлари ота-боболаримизнинг аждодларига тегишли бўлган. Масалан, ўзим яшаётган ҳовли 400 йиллик тарихга эга. Бу ерда асрлар давомида Мўминовлар сулоласининг вакиллари яшаб келган”, - дейди Б.Мўминов.

Унинг айтишича, вилоятда миллий масалаларда ҳеч қандай муаммо йўқ. Вилоятда баъзи жойлардагига ўхшаб ўзбек бўлгани учун иш бермай қўйиш ҳолатлари кузатилмайди. Жамбилда прокуратура ва суд тизимида, ҳокимликда юқори лавозимларда ишлаётган ўзбеклар кўпчиликни ташкил этади. Тадбиркорлик соҳасида муваффақиятларга эришаётган ўзбеклар ҳам жуда кўп. Миллий урф-одатларга тўсқинлик қилиш ҳолатлари умуман йўқ.

Вилоят маркази Тараз шаҳрида иккита ўзбек мактаби фаолият кўрсатмоқда.

Алишер Навоий номидаги мактаб директори ўринбосари Гулзода Качалиева ўзбек мактабларида ўқувчилар сони камайиб кетаётганини билдирди.

“Минг афсуслар билан айтамизки, мактабимизда ўқувчилар сони 303 та. Сал аввал 400 ўқувчи эди. Бир қанча муаммолар бўлиб қолди. Ўқувчиларимиз ўзбек тилида ўқигани учун “ягона миллий тест” топширишда қийналади. Чунки ўзбек тилида тест саволлари йўқ. Ўзбекистон лотин алифбосига ўтиши ҳам фарзандларимизга муаммолар келтириб чиқарди. Болаларимиз Ўзбекистонга бориб, олий ўқув юртларида ўқиш имкониятидан ҳам маҳрум. Мана шу каби бир қатор муаммолар сабаб ўзбек мактабларида ўқувчилар сони йил сайин камайиб боряпти. Лекин ўйлаймизки, келажакда барибир ўзбек халқи ўзининг урф-одатларини, қадриятини, миллийлигини оёққа турғизади. Ўзбек мактабларига эътибор қаратилади. Ўқувчиларимиз сони кўпайиб қолишини ният қиляпмиз”, - дейди Г.Качалиева.

Таразлик 59 ёшли Хайри Мўминова ўндан зиёд неваранинг севимли бувиси. Онахоннинг билдиришича, жамбиллик ўзбек аёллари ҳар бир ишда фаоллик кўрсатади.

“Ўзбеклардан яхши шифокор аёллар бор. Ўқитувчи, муҳандис аёллар кўп. Ўзбек аёллари миллий урф-одатларини унутмаган. Жамбилда яшовчи ўзбеклар бир-биримиз билан жуда иноқмиз. Лекин кичкина бир муаммо бизни қийнайди. Телевизорларимизда Ўзбекистон телеканаллари кўрсатишини астойдил хоҳлардик. Бу урф-одатларимизнинг сақланиб қолишига ёрдам берарди. Миллий ўзбек ашула ва мусиқаларини тинглашни хоҳлаймиз”, - деди Х.Мўминова.

Ўзбек миллий маданияти маркази раиси Б.Мўминов сўзларига кўра, вилоятда ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари деярли йўқ. Вилоят телевидениесида “Ватандош” кўрсатуви бор. Бу кўрсатув ҳафтада бир марта 20 дақиқа эфирга чиқади. Лекин ўзбек тилида газета йўқ.

“Ўтган асрнинг 60-йилларигача вилоятимизда 70 минг ўзбек яшаган экан. Кейинчалик кўпчилик ўзбеклар Ўзбекистонга кўчиб кетди. Чунки 1997 йилгача Қозоғистонда ҳам ҳаёт унчалик яхши эмас эди. Яшаш қийин эди. Ўша пайтлари ҳар бир қозоғистонлик “бизнинг президентимиз Ислом Каримов бўлса”, деб орзу қиларди. Ҳозир умуман тескариси бўляпти. Энди қайси бир ўзбекистонлик билан суҳбатлашманг, қозоғистонликларга ҳавас қилади. Қани эди Ўзбекистон президенти ҳам Нурсултон Назарбоевдай бўлса дейди”, - деди Б.Мўминов.

Б.Мўминов жамбиллик ўзбеклар ўзбекистонликларга нисбатан анча яхши шароитларда яшашини таъкидлаб, ўтган асрнинг 90-йилларида вилоятдан Ўзбекистонга кўчиб кетган ўзбеклар ҳам Қозоғистонга қайтишни асдойдил хоҳлаётганини бунга мисол қилиб келтирди.
XS
SM
MD
LG