Линклар

Сўғдиёна “Юлдузлар фабрикаси”да


Басира Ўзбек эстрадасида сўнгги пайтларда Сўғдиёна Федоринская номи остида ижод қилаётган Оксана Нечитайло бир неча ҳафтадан буён Россиянинг “Биринчи канали”да давом этаётган “Фабрика звёзд” (“Юлдузлар фабрикаси”) шоусида қатнашмоқда.

“Юлдузлар фабрикаси” дастурининг Интернетдаги сайтида қўшиқчи ҳақида қуйидаги маълумотлар берилган: “Сўғдиёна Федоринская: 22 ёш, Тошкент шаҳридан. Ҳаётдаги шиори “Юлдузларга қараб олға”. “Юлдузлар фабрикаси” танловида иштирок этганини ўзининг “ўйламай қилган иши” сифатида баҳолаган. Шундай бўлсада, россиялик томошабинларни шарқона жозибаси билан ром этишига умид билдирган”.

Сўғдиёнанинг “Юрак маҳзун” қўшиғига клип ишлаган тошкентлик режиссёр, продюсер Скан Мульти Сўғдиёнани 6 йилдан буён танишини билдирди. Уларнинг танишишига “Хўжа Насриддин. Ўйин бошланмоқда” фильми сабаб бўлган.

“Ўша пайт мен Ясмин роли учун қиз қидираётган эдим. Мазкур ролга катта танлов бўлганди. Аммо маъқул ижрочи топа олмаган эдим. Сўғдиёнани кўриб, тушундимки, айнан у шу ролни ижро этиши мумкин. Сўғдиёна ҳам рози бўлди. Унда актёрлик иқтидори бор. Менимча, ғоятда ажойиб дебют бўлади”, - дейди Скан Мульти (суратда).


Мазкур фильмда Сўғдиёнанинг икки қўшиғи ишлатилган. Булар “Овора бўлма” ва “Юрак маҳзун” қўшиқларидир.

“Юлдузлар фабрикаси”да ютиб чиқиш учун Сўғдиёнанинг имкониятлари қандай?

Скан Мульти фикрича, Сўғдиёна профессионал сифатида шоудаги кучлилар учлигига киради.

“Аммо шахсий сифатлар бўйича у ютқазади. Чунки унинг ота-онаси Сўғдиёнани ёшликдан дўстлари билан гаплашишга қўймаган. Шу боис, у ўз тенгқурлари билан қандай мулоқот қилишни билмайди. Унинг ягона заифлиги мана шу”, - дейди Скан Мульти.

Шунга қарамай, Скан Мультининг таъкидлашича, Сўғдиёна профессионал қўшиқчи сифатида ўз мақсади ва бу мақсадга эришиш йўлларини яхши билади.

Сўғдиёнанинг актриса сифатидаги дебют роли қандай чиққанини яқин орада ўзбекистонликлар баҳолаши мумкин. Унинг қўшиқчилик маҳоратини эса айни пайтда “Юлдузлар фабрикаси” дастури орқали кузатиш имкони бор.

Ҳар шанба кунги ҳисобот концертида бир иштирокчи юлдузлар шоусини тарк этади. Дастурнинг ғолиб иштирокчилари эса Россия шоу бизнесида қўшиқчи сифатида қолиш имконига эга бўлади.

Мазкур шоуда илк бор иштирок этаятган ўзбекистонлик қўшиқчига омад кулиб боқишини унинг мухлислари орзиқиб кутмоқда.
XS
SM
MD
LG