Линклар

logo-print

“Тош, тош, тош” ёки руслар ўзбек олтинига кўз тикмоқда

  • Алишер Сиддиқ

Хабарларга кўра, россиялик миллиардер Владимир Потаниннинг “Интеррос” компанияси америкаликлардан Ўзбекистондаги “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасидаги улушини сотиб олиш ниятидадир.

Шундай қилиб, “Интеррос” компанияси Россиянинг Ўзбекистондаги олтин қазиб саноатига сармоя киритган биринчи ширкатига айланиши мумкин.

Американинг “Ньюмонт майнинг” компанияси “Зарафшон-Ньюмонт”да 50 фоиз улушга эга. “Интеррос” айнан шу улушга кўз тиккан.

Гарчи “Интеррос” бу режасини расман эълон қилмаётган эса-да, В.Потаниннинг Ўзбекистон борасида Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатлашгани юқоридаги каби хабарларнинг пайдо бўлиши тасодиф эмаслигини кўрсатади.

“Интеррос” холдинг компанияси вакиласи Нина Деменцова бу борада аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилгандан сўнг режалар ҳақида расман эълон қилинишини билдирди.

12 апрель куни В.Потанин президент В.Путин қабулида бўлган эди. Н.Деменцованинг айтишича, В.Потанин президент билан айнан МДҲ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга сармоя киритиш масаласини муҳокама этган.

Хабарларга кўра, В.Потанин президентдан Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишда кўмак кўрсатишни илтимос қилган. Ўз навбатида, В.Путин “президент Ислом Каримов билан гаплашишга зарурат бор”, дея ушбу муаммони ҳал этишга ваъда берган.

“Коммерсант” газетасининг ёзишича, “Интеррос”нинг режаси борасида давлатлараро миқёсда келишувга эришилган.

Бошқа томондан “Ньюмонт майнинг” компаниясининг Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатлари кескин ёмонлашгани кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон ҳукумати йилига қарий б5 тонна олтин қазиб чиқарадиган “Зарафшон-Ньюмонт”га берилган солиқ имтиёзларини бекор қилишни жиддий кўриб чиқмоқда.

Америкалик сармоядорларнинг Ўзбекистондаги тақдири ноаниқ қолаётган бир вақтда Ўзбекистон ҳукумати Россия сармоядорлари учун имкониятларни кенгайтирмоқда. Ўзбекистон газ соҳаси деярли тўлалигича Россия ширкатлари томонидан эгаллаб олиняпти.

“Лукойл” компанияси 2007 йилда Ўзбекистондаги энг йирик газ кони ишга туширилишини эълон қилди.

“Бизнинг Ўзбекистон билан тузилган шартномамиз Ўзбекистон бюджетига бир миллиард доллар миқдорда маблағ тушумини таъминлайди. Биз учун Ўзбекистонда ишлаш анча қулай”, - деди “Лукойл” вакили Владимир Симаков.

Айни пайтда Ғарб сармоялари учун Ўзбекистондаги нефть-газ, олтин ва уран қазиб олиш соҳалари нақадар жозибали кўринмасин, расмий Тошкентнинг Ғарбдан юз ўгириши уларнинг Ўзбекистондаги имкониятларини чеклайди.

Сиёсатчилар фикрича, бу соҳаларга Россия компанияларининг катта қадамлар билан келаётгани Москванинг Ўзбекистондаги сиёсий тузум ҳимоясини таъминлаш бўйича мажбурият олаётгани билан баробар.
XS
SM
MD
LG